Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тасдиқланди
Local
−
08 May 2019 6521 2 minutes
Жорий йилнинг 7 май куни Ҳукумат қарори билан “Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" каналида маълум қилинди.
Низомга мувофиқ, лицензия олиш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат қилинади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтилади.
Сўровнома тўлдирилади ҳамда унга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
• соҳа бўйича маълумотга эга бўлган муҳандислар ва лойиҳа архитекторлари, бош ҳамда етакчи мутахассислар дипломлари;
• корхонага ишга қабул қилинганлик тўғрисидаги буйруқлар нусхалари;
• зарур бино-иншоот ҳамда асбоб-ускуналар ва инвентарнинг талабгорга тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари.
Давлат хизматларини кўрсатилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида йиғим ундирилади.
Сўровнома тўлдирилганидан сўнг Давлат хизматлари марказлари бир соатда уни Қурилиш вазирлигига юборади.
Қурилиш вазирлиги сўровнома тушганидан бошлаб 7 иш кунида лицензия бериш учун ҳисобварақ-фактурани лицензия беришнинг давлат божини кўрсатган ҳолда Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали талабгорга юборади.
Талабгор бир ойда давлат божини тўлаши лозим.
Қурилиш вазирлиги давлат божи тўланганидан сўнг бир иш кунида лицензияни электрон шаклда расмийлаштиради ва Давлат хизматлари марказларига ёки ЯИДХП орқали талабгорга юборади.
Давлат хизматлари маркази лицензия тушганидан сўнг 10 минутда уни талабгорга юборади.
Live
AllBloger Aziz Hakimov 4 yilga qamaldi
11 August
Putin hech narsadan qo'rqmasligini aytdi
11 August