“Арқадағ” Тўқаевга зотдор от ва ит совға қилди (видео)
Олам
−
25 Октябрь 2021
10132Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга Ахалтекин зотли от ва туркман итини совға қилди. Улар Туркманистон пойтахти Ашхободда учрашган. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Матбуот котиби Берик Уали ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.
“Президентларнинг Ашхободдаги от спорти мажмуасига ташрифи чоғида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга Ахалтекин зотли айғирини совға қилди. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарига туркман ити ҳам туҳфа қилинди”, дея ёзиб қолдирган Берик Уали.
Маълумот учун, Туркманистондаги Ахалтекин отларининг қадимийлиги 5 минг йилни ташкил этади. Ушбу мамлакатда уларнинг сони 3 мингдан ортиқ. Отлар ўзининг зотдорлиги, гўзаллиги билан ажралиб туради.
Ахалтекин отлари Туркманистонда ўзига хос ифтихор белгисига айланиб, давлат рамзининг марказидан ўрин олган ва қатор хорижий давлат раҳбарларига энг олий ҳадя сифатида тортиқ этилган.
Маҳаллий ОАВда келтирилишича, совға топширилганидан сўнг меҳмонларга от миниш шоуси намойиш этилган.
Маълумот ўрнида, Тўқаев ва Бердимуҳамедов ўртасидаги музокаралар бугун бўлиб ўтади. Томонлар сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда туркман-қозоқ ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қилади.