Аризонадаги икки жиноий тўда отишмасида 10 киши яраланди

Олам

image

АҚШнинг Аризона штати Тусон шаҳри маркази яқинидаги гавжум тижорат ҳудудида содир бўлган оммавий отишма оқибатида 10 киши, жумладан гумондор ҳам яраланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Полиция маълумотига кўра, ҳодиса кеча, 19 июль куни маҳаллий вақт билан тунги соат 02:00 атрофида юз берган. Пиёда патрулда бўлган полиция ходимлари ўқ овозини эшитгач, воқеа жойига етиб борган ва гумондорга бир неча бор таслим бўлиш буйруғини берган. Буйруқлар бажарилмаганидан кейин полиция унга ўқ узган.

Тусон полицияси вакили Фрэнк Магоснинг айтишича, ходимлар гумондорга биринчи тиббий ёрдам кўрсатган, шундан сўнг у ҳаёти учун хавфли аҳволда шифохонага олиб кетилган. Яна тўққиз нафар жабрланувчи полиция етиб келишидан олдин ўқ еган. Улар оғир аҳволда шифохоналарга ётқизилган бўлиб, кўпчилиги қўл ва оёқ қисмига ўқ теккан. Барча жабрланувчилар вояга етган шахслар экани, полиция ходимлари эса жароҳат олмагани билдирилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар отишмага нима сабаб бўлгани ҳақида расмий маълумот бермаган. Ҳодиса кечаси кўчада одамлар кўп бўлган пайтда содир бўлган. “KGUN-TV” телеканали полиция манбаларига таяниб хабар беришича, отишма ўзаро таниш бўлган икки гуруҳ ўртасидаги жанжал ортидан бошланган ва тасодифий йўловчилар ҳам ўқ остида қолган.

Тусон шаҳри мэри Регина Ромеронинг маълум қилишича, қуролланган шахс гавжум жойда тартибсиз равишда ўқ узиб, тўққиз кишини яралаган. Уни полиция ходими тўхтатган. Унинг сўзларига кўра, барча жабрланувчиларнинг аҳволи барқарорлаштирилган ва уларнинг тўлиқ соғайиб кетишига умид қилинмоқда.

Gun Violence Archive маълумотларига кўра, Тусондаги ҳодиса 2026 йил бошидан буён АҚШда қайд этилган 257-оммавий отишма бўлди. Ташкилот оммавий отишма деб камида тўрт нафар киши ҳалок бўлган ёки яраланган қуролли ҳужумларни ҳисоблайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Мейн штати Биддефорд шаҳрида Иммиграция ва божхона назорати (ИБН) ходимлари иштирокидаги отишма оқибатида бир киши ҳалок бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг