Аргентина BRICS'га аъзоликдан расман воз кечди
Олам
−
30 Декабрь 2023
6941Аргентина Президенти Хавьер Милей Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка Президентларига йўллаган мактубларида BRICS давлатлараро ассоциациясига аъзо бўлиш таклифини расман рад этди. Бу ҳақда Аргентина Президенти маъмурияти хабар қилди.
Мактублар матнида айтилишича, Аргентинанинг аъзолиги ҳозирги вақтда мақсадга мувофиқ эмас.
“Хавьер Милей унинг ташқи сиёсати Альберто Фернандеснинг олдинги ҳукуматидан кўп жиҳатлари билан фарқ қилади ва аввалги маъмурият томонидан қабул қилинган баъзи қарорлар қайта кўриб чиқилишини айтди”, дейилади Аргентинанинг TN газетаси хабарида.
Шунингдек, мамлакат Президенти BRICS'га қўшилишдан бош тортганига қарамай, Аргентина икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш, хусусан, савдо ва сармоя оқимини ошириш тарафдори эканини таъкидлаган.
“Аргентина ўзининг геосиёсий позициясини биринчи ўринга қўйди. Бу Венесуэла, Куба ва Никарагуа билан муносабатларнинг совиши, шунингдек, сўнгги ҳафталарда Хитой билан муносабатларда пайдо бўлган "қисқа туташув" дан ташқари яна бир бурилишдир", дейилади TN таҳлилида.
Аргентина август ойида бўлиб ўтган Йоханнесбург саммитида 2024 йил 1 январдан бошлаб аъзолигини 5 дан 11 тагача кенгайтиришни режалаштирган BRICS гуруҳига қўшилиш учун таклиф этилган олти давлат қаторида эди. Ҳозирда BRICS таркибига Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка киради. Улар биргаликда дунё аҳолисининг 40 фоиздан ортиғини ва жаҳон иқтисодиётининг қарийб 26 фоизини ташкил қилади.