Аргентина билан ўйинда жағи синган сауд футболчиси Германияга жўнатилди

Спорт

image
0:00
0:00
download

ЖЧ-2022 гуруҳ босқичи илк тури доирасида Аргентина билан ўйиндан сўнг Саудия Арабистони терма жамоаси ҳимоячиси Ёсир Ал-Шаҳронийнинг жағ, юз суяги жиддий шикастлангани ва мияси чайқалгани маълум бўлди.

Шунингдек, футболчининг бир нечта тишлари синган. Саудия ОАВларининг хабар беришича, Ал-Шаҳроний валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг илтимосига биноан шошилинч равишда Германияга жўнатилган.

Аргентина – Саудия Арабистони баҳсининг қўшимча дақиқаларида мағлубиятдан қутулиб қолиш ва Жаҳон чемпионатининг асосий сенсациясининг олдини олиш учун Аргентина охирги сонияларгача ҳужумга ўтди. 

Баҳсдаги эпизодлардан бирида юқоридан узатилган тўпдан сўнг дарвозабон Муҳаммад Ал-Овайс тўпни жарима майдончаси ташқарисига чиқариб юборишга шошилди, чунки аргентиналик Науэль Молина ҳам тўпни эгаллаб олишга уринаётганди ва айнан ўша вазиятда Саудия посбони жамоадоши Ал-Шаҳроний билан тўқнашиб кетди.

Ал-Овайс тўпни узоқлаштиргач, шу заҳотиёқ жамоадоши жиддий жароҳат олгани ҳақида ҳакам ва шифокорларга ишора берди, аммо аргентиналикларнинг ҳужуми давом этди. Фақатгина тўп майдондан ташқарига чиқиб кетганидан сўнг ҳакам ўйинни тўхтатди.

Шаҳроний тўқнашувдан кейин 15 сония давомида майдонда ётиб қолди. Ҳакам вазиятни тушунгач, шифокорларнинг майдонга тушишига рухсат берди. Шифокорлар дастлабки муолажаларни қилгач, ҳимоячи замбилда майдондан олиб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, Аргентина-Саудия Арабистони тўқнашувида сенсацион тарзда Осиё қитъаси вакиллари зафар қучди.


Мақола муаллифи

Теглар

Аргентина Саудия Аргентина-Саудия

Баҳолаганлар

824

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг