Апрелда қор ёғиши Ўзбекистон иқлими учун хосми? Бу яна такрорланадими?

Бу қизиқ

image
Тошкентда 44 та электр ва 20 та газ тармоғи узилган north_east

Тошкентда 44 та электр ва 20 та газ тармоғи узилган

Синоптиклар огоҳлантирганидек, сўнгги кунларда Ўзбекистон ҳудудида об-ҳаво кескин ўзгарди. 7 апрелда республикада айрим жойларга ёмғир ёғди. 8 апрелда ёмғирлар кучайиб, шу куннинг ўзида кечқурун ва 9 апрель куни кечаси республиканинг катта қисмида ёғаётган ёмғир қорга айланди. Фақат Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида шу кунларда ёғингарчилик кузатилмади. Гидрометеорология хизмати маркази яқин кунларда кузатилган об-ҳавога изоҳ берди.

Республиканинг айрим жойларида шамолнинг тезлиги кучайиб, секундига 15-20 метргача тезликда эсди, Қорақалпоғистонда ва Навоий вилоятида эса шиддат билан эсганда унинг тезлиги секундига 25 метрга етди.

Ҳарорат 3-8 даражагача, бугун кечаси эса 0-3 даража илиқ, баъзи жойларда 1-2 даража совуққача пасайди.

Ёққан қор мамлакатнинг марказий ва жанубий ҳудудларида 2-8 см, баъзи жойларда 10-20 см баландликда нобарқарор қор қопламини ҳосил қилди. Тошкентда 9 апрель тонгда қор баландлиги 15 см бўлгани қайд этилди.

Республикада ҳароратнинг кескин тушиб кетиши, кучли ёғингарчиликлар ва кучли шамол Россиянинг Европа ҳудуди устида шаклланган ва Волгабўйи орқали Ўзбекистон ҳудудига кириб келган совуқ ва нам ҳаво оқимлари натижасидир.

Апрелда қор ёғиши ва қор қоплами ҳосил бўлиши бизнинг иқлим учун камдан-кам учрайдиган ҳодиса. Охирги марта бундай ҳодиса 2014 йилда кузатилган, унда қор камроқ бўлган, Тошкентда масалан қор қоплами 2 см ни ташкил қилган. Бундан кўпроқ, тахминан 4-5 йилда 1 марта апрелда, айниқса унинг биринчи ярмида ёмғирнинг қорга айланиши кузатилади, бироқ бу узоқ давом этмайди ва қор қоплами ҳосил бўлмайди.

Тошкентда апрель ойида энг кеч ёққан қор эса кузатувлар тарихида 1989 йил 30 апрелга тўғри келади. Бу дарҳақиқат жуда кам учрайдиган ноёб ҳодиса бўлган — апрелнинг энг охирида ва май ойининг биринчи кунларида Тошкентга қисқа муддатга қиш қайтиб келган. Ўшанда 30 апрелда ёққан қор ва майнинг биринчи кунларидаги совуқ қишлоқ хўжалигига катта зарар келтирган.

Кечаги шамолларнинг асосий сабаби — кириб келган ҳаво фронти зонасида ер юзасида атмосфера босимининг кескин алмашишидадир. Оддий қилиб айтганда, ҳудуд устидан антициклон ўтаётганда ҳаво оқими юқори босимли зонадан паст босимли зонага ҳаракатланади. Одатда шу вақтда ёғингарчилик ҳам бўлади, булутлар ва ёғинлар зонаси катта майдонни эгаллаши туфайли ёғинлар шамолга қараганда узоқроқ давом этади.

Кучли шамоллар бошқа сабабларга кўра ҳам юзага келиши мумкин, масалан баҳор даврида, баъзан ёзнинг бошида кучли конвекция ривожланса, шамолнинг тезлиги юқори бўлади.

Апрелда яна шундай ҳодиса такроралниши мумкинми

Апрелнинг об-ҳавоси жуда ўзгарувчан, бироқ бу йил апрелда бундай ҳодисанинг такрорланиш эҳтимоли жуда паст. Яқин кунларда ҳарорат кўтарила бошлайди ва кейинчалик ёғинлар ёмғир кўринишида бўлиб, нисбатан иқлиқ ҳарорат фонида кузатилади.


Мақола муаллифи

Теглар

об-ҳаво

Баҳолаганлар

415

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг