Aнтибиотиклар коронавирусни даволамайди – фармацевт

Жамият

image

Коронавирусга чалинган беморлар орасида осма укол ва атибиотикларни олиш ҳозирда урфга айланди. Жуда кўп беморларнинг ўзбошимчалик билан турли антибиотикларни қабул қилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Aслини олганда ҳам антибиотиклар организмда тушганда вирусга қарши кураша оладими? Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Муҳаббат Ибрагимова антибиотиклар коронавирусга қаршилик қила олмаслигини айтди.

“Энг аввал айтиш керак бўлган гап шу: антибиотиклар коронавирусни даволамайди. Чунки антибиотик бактерияларга қарши восита, вирусга таъсир этмагани етмаганидек, унинг тарқалишига шароит яратиб беради. Aнтибиотикларни рецептсиз ва тартибсиз қабул қилиш организмда чиндан ҳам антибиотикка зарурат туғилганда у таъсир қилмай қолишига олиб келади. Бунинг сабаби организмда антибиотикка нисбатан чидамлилик пайдо бўлган бўлади”, деди Муҳаббат ибрагимова. 

Мутахассиснинг таъкидлашича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан антибиотикларга нисбатан чидамлилик ва мултичидамлилик атамалари қўлланилади. Чидамлилик фақат бир антибиотикка нисбатан пайдо бўлса, мултичидамлиликда беморга ҳеч қандай антибиотик таъсир қилмай қолади. Бунинг оқибатлари жуда ёмон.

Экспертга кўра, коронавирус дастлаб тарқала бошлаган пайтда одамлар уни шамоллаш деб ўйлаб, антибиотикларни шифокор рецептисиз ҳам қабул қилди. Коронавирусга чалинганда антибиотик истеъмол қилинса, касалликка таъсир қилмайди. Чунки унинг сабабчиси бактерия эмас, вирус бўлади. Беморнинг аҳволи оғирлашиб, иммунитет кучсизланади. Aгар бемор шундай шароитда инъецион ва инфузион воситалар билан уйда муолажа олса, оқибати ўлим билан якунланиш хавфи бор.

Ҳозирда антибиотикларни нотўғри қўллаш натижасида дунёда йилига 700 минг киши вафот этади. Бу коронавирусдан вафот этаётганлардан кам кўрсаткич эмас. ЖССТнинг маълум қилишича, антибиотиклардан фойдаланиш тартибга олинмаса, 2050 йилга бориб бундан йилига 10 миллионга яқин одам вафот этиши мумкин.

Aҳрорбек Ҳайруллаев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

127

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг