Аномал иссиқ, тухумдек дўл, қурғоқчилик ва қор: дунё баҳорни қандай ўтказмоқда?
Таҳлил
−
17 Май 5568 6 дақиқа
Ер харитасида мавжуд ҳудудларнинг барчаси ўзига хос равишда ҳар хил об-ҳаво шароитларига эга. Масалан, экваторга яқин минтақалар йил давомида иссиқ ва нам иқлим билан ажралиб туради. Қутб ҳудудлари эса совуқ ва қуруқ иқлими билан машҳур бўлиб, бу ерда қор ва музликлар йил давомида эримайди. Ўрта кенгликлардаги ҳудудлар эса мўътадил иқлимга эга бўлиб, тўрт фасл аниқ намоён бўлади.

Умуман олганда, ҳар бир ҳудуднинг об-ҳаво шароити унинг географик жойлашуви, баландлиги ва океанларга яқинлиги каби омиллар билан белгиланади. Аммо ҳозиргача мавжуд мазкур сифатлар ноодатий тарзда ўзгарганида, буни таърифлаш учун “аномал об-ҳаво” жумласини ишлатамиз. Хўш, минтақаларда 2025 йил баҳори қандай якунланмоқда?
Ўзбекистонда аномал иссиқ ва кутилаётган сел
Бир неча кундан буён ўзбекистонликлар май ойига хос бўлмаган об-ҳаво шароитини бошдан кечирмоқда. Гап шундаки, жанубдан кириб келган иссиқ ҳаво оқими оқибатида мамлакатда аномал ҳаво кузатилиб, баъзи жойларда ҳарорат 42-43 даражагача кўтарилди. Деярли ёғингарчиликларсиз ўтган баҳор мавсуми сўнггида ёз ойларига хос ҳарорат кузатилмоқда. Аслини олганда, бутун дунёда аномал, яъни ноодатий ва хос бўлмаган об-ҳаво шароитлари тез-тез учраб турмоқда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам аномал совуқ ва аномал иссиқ деярли ҳар мавсумда такрорланувчи ҳодисага айланди.

Айни кунларда кузатилаётган юқори даражали ҳарорат 14 май куни кириб келди ва жануб ҳамда чўл ҳудудларида 42-43 даражагача етди. Шунингдек, кучли шамол ва чанг-тўзон ҳодисалари рўй бериши ҳам кутилмоқда. Мутахассисларга кўра, бугун, 17 майдан бошланиб, 19 майгача давом этадиган ёмғир кутилаётгани сабаб Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел келиши мумкин.
“Республиканинг айрим ҳудудларида ёмғир сувлари тўпланиши эҳтимоли бор, бу эса ҳудудларни сув босишига олиб келиши мумкин”, дейилади хабарда.
Хитойдаги тухум катталигича дўл
13 май куни Ўзбекистонга иссиқ ҳаво оқими кириб келаётган бир пайтда Хитойда товуқ тухуми катталигидаги дўл ёғиши кузатилди. Ўша куни кундузи ҳарорат 32 даража иссиқ бўлган, аммо кечга бориб ҳаво бирдан ўзгариб кучли дўлга айланган.

Ҳолат 13 май куни Пекинда соат 20:00 атрофида содир бўлган. Шаҳарнинг айрим ҳудудларига диаметри 4 сантиметргача бўлган дўл ёғиб, одамларни ҳайратга солган. Пекин метеорологик обсерваторияси қисқа муддатли 8 даражали кучли шамол ва дўл билан бирга момақалдироқ ҳақида хабар қилган. Кузатишларга кўра, айрим ҳудудларда тунда кучли шамол, момақалдироқ ва дўл бир пайтда содир бўлган.
“Global Times” газетасига интервью берган пекинликнинг айтишича, жуда кучли ва шовқинли дўлдан машина ойналари синиб кетган.
Пекин метеорологик обсерваторияси бош синоптиги Хе На кузатилган юқори ҳарорат туфайли атмосферада иссиқлик ва намлик тўплангани, бу эса кучли конвектив ҳолат юзага келиши оқибатида шундай об-ҳавога сабаб бўлганини таъкидлаган.
Россияда қор ва қурғоқчилик
Об-ҳавонинг аномал характери қўшни ва қардош давлати билан уруш ичидаги Россияни ҳам бебаҳра қолдирмади. Ёғингарчиликларсиз ва тунд булутли ўтаётган баҳорнинг сўнгги ойи – майда Москвада ҳарорат 0,2 даражагача пасайди ва қор ёғди. “Коммерсант” нашрига кўра, 1999 йилдан буён Москвада май ойида бундай совуқ ҳаво кузатилмаган.

“Жорий мавсумда ҳарорат ва ёғингарчилик миқдорининг сезиларли тебранишлари кузатилмоқда, бу одатда юз йилда бир марта содир бўладиган экстремал иқлим шароитларига хосдир”, деб ёзади “Togliatti24” нашри.
Айтилишича, мутахассислар бундай иқлим аномалияларининг нормал ҳолатга айланиши мумкинлигидан огоҳлантириб, инсоният янги шароитларга мослашиши зарурлигини таъкидламоқда. Нашрга кўра, 2025 йил баҳоридаги об-ҳаво Россия аҳолиси учун салбий таъсир кўрсатмоқда. Бир неча ой давомида ҳароратнинг кескин кўтарилиб-тушиши, кучли ёмғирлар ва ноодатий табиат ҳодисалари қайд этилган, бу эса қишлоқ хўжалиги фаолияти ва кундалик ҳаётни мураккаблаштиради. Мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида ўсимликлар ўсишдан тўхтаган, чунки ҳарорат одатдагидан паст бўлди.

Хабарда айтилишича, федерациянинг энг чекка шарқий қисмида ёғингарчилик миқдори йиллик меъёрдан ошиб кетиб, табиий офатлар кузатилаётган бўлса, Сибир ва шимоли-ғарбда қишлоқ хўжалиги экинлари совуқдан азият чекмоқда. Жанубий ҳудудлар эса қурғоқчиликдан азият чекиб, баҳор кўпроқ ёз каби ўтмоқда. Об-ҳаводаги контраст айниқса Россия марказий қисмида яққол кўзга ташланган: май ойи бошида Москвада 20 даражадан юқори қуёшли ва илиқ об-ҳаво кузатилган бўлса, қўшни ҳудудларда ёмғир ва совуқ ҳукмронлик қилган. Ойнинг иккинчи ўн кунлигига келиб эса ҳаво кескин ўзгариб, қор ёққан.
“Қишлоқ хўжалиги хавф остида”, деб ёзмоқда рус нашрлари.
Австралияда қиш ва қурғоқчилик
Дам олиш кунлари Океаниядаги энг йирик давлат Австралия учун ноодатий ўтиши кутилмоқда. Гап шундаки, ушбу кунларда қитъада ёмғир, дўл ва ҳатто айрим ҳудудларда қор ёғиши прогноз қилинмоқда, тунги ҳарорат 5 даражадан паст бўлади. Метеорология бюроси катта мутахассиси Мириам Бредберига кўра, якшанба куни Янги Жанубий Уэлсда нам ва шамолли об-ҳаво кузатилади.

“Кучли ёмғир ва шамолнинг икки баробар зарбаси хавфли денгиз тўлқинларини юзага келтиради”, дейди у.
Якшанба, 18 майдан бошлаб штатнинг жанубий соҳилида шамол тезлиги 70-90 км/соатгача кучайиши, душанба куни марказий қирғоқда янада кучайиши ва 20 майга қадар давом этиши мумкин.

Виктория ва Тасмания штатларнинг кўплаб ҳудудларида йилнинг энг совуқ куни кузатилиши кутилмоқда. Австралиянинг баъзи ҳудудлари ёмғир танқислиги оқибатидаги қурғоқчиликка дуч келмоқда. Масалан, Янги Жанубий Уэлс штатининг шарқий ва жануби-шарқий ҳудудлари шулар жумласидан.
Америкада рекорд даражадаги жазирама
Катта ҳудуд ва турли иқлимга эга АҚШда ҳам бу йилги баҳор аномалия билан ўтмоқда. Гап шундаки жорий ҳафтада Техас штати мисли кўрилмаган иссиқлик тўлқинидан азият чекмоқда.
Ёз ҳали бошланмаган бўлса-да, Техасда жазирама кунлар бошланиб кетган. Бу рекорд даражадаги иссиқлик оқибатида мазкур штат Ер юзидаги энг иссиқ жойлардан бири ҳисобланган Калифорниядаги Ўлим водийсидан ҳам иссиқроққа айланди.

“The Guardian” нашрининг ёзишича, штатнинг марказий ва жанубий ҳудудларида ҳарорат 44 даражагача кўтарилди. Кучли иссиқлик тўлқини келаси ҳафтада ҳам сақланиб қолиши кутилмоқда. 14 май куни Остин шаҳрида соат 17:00 да ҳарорат 38 даражага етди ва 2022 йилда қайд этилган аввалги (36 градус) рекордни янгилади.
Масъуллар бу ҳароратни “мавсумга хос бўлмаган” деб таърифлаб, аҳолини кўпроқ сув ичиш ва соя ёки кондиционерли жойда дам олишга чақирди. Кузатилаётган бундай иссиқ ҳаво шифохона ва инфратузилмага ортиқча босим пайдо қилмоқда. Аҳоли салқинликка интилаётган бир пайтда энергия истеъмоли кескин ошиб кетди.
Дунёнинг турли ҳудудлари турлича, аммо баҳорга хос бўлмаган об-ҳаво шароитларига дуч келмоқда. Қаердадир ёғингарчилик меъёридан ошиб, сув тошқинларига сабаб бўлаётган бўлса, қаердадир қурғоқчилик озиқ-овқат хавфсизлигини савол остига қўймоқда. Яна қайсидир ҳудуд совуқдан, бошқаси эса иссиқдан азият чекмоқда.
Юқорида танишган ҳолатларимиз бир пайтда аммо дунёнинг турли нуқталарида содир бўлмоқда. Эътиборлиси шундаки, қайд этилган об-ҳаво шароитлари мазкур ҳудудлар учун одатий эмас. Демак, узоқ йиллар давомида олимлар огоҳлантириб келган ҳодисалар аллақачон бошланиб кетган. Бу эса инсониятнинг сайёрани сақлаш йўлида бирлашиб, ноодатий ўзгаришларга масъулият билан ёндашиши лозимлигини кўрсатади.