Ангренда СССР Қаҳрамони монументи тикланади
Жамият
−
13 Февраль 2020
7092Тошкент вилояти Ангрен шаҳар “Саид Ота” маҳалласида Иккинчи жаҳон уруши йилларида Италия қаршилик ҳаракатининг фаол аъзоси, Совет Иттифоқи ҳамда Италия миллий Қаҳрамони Фёдор Полетаев хотираси учун ўрнатилган монумент реставрация қилинади.
Мазкур монумент 1972 йилда ўрнатилган бўлиб, 2014 йилда эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолган.
“Ҳозирги кунда ушбу Хотира майдонига янгича тус бериш мақсадида Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан республиканинг маҳоратли ҳайкалтароши ва мазкур соҳа мутахассислари жалб қилинди. Хусусан, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институти кафедра мудири Хужаниёзов Рашид, ҳайкалтарош Рахматов Руфат томонидан айни вақтда Фёдор Андрианович Полетаев бюсти тайёрланмоқда”, дейилади Ангрен шаҳар ҳокимлиги хабарида.
“Саид Ота” маҳалласидаги янгиланган Фёдор Полетаев монументи жорий йилнинг 5 март куни очилади.
Таъкидлаш керакки, февраль ойининг бошида Россиянинг Рязань вилояти губернатори Николай Любимов Ўзбекистон Ҳукуматидан асли рязанлик Фёдор Полетаевнинг 2014 йилда бузилиб кетган монументини қайта тиклашни сўраганди.