Ангренда “ГАИ” ҳайдовчи билан келишолмай машина ойнасини синдирди
3-саҳифа
−
23 Январь 2022
19032
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида махсус рейд тадбири давомида “ГАИ” ҳайдовчи билан келишмовчилик пайтида машина ойнасини синдиргани акс этган видеолавҳа тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бош бошқармаси Матбуот котиби Бобур Тўлаганов изоҳ берди.
Қайд этилишича, ЙПХ инспектори ҳайдовчига “Хавфсиз ҳудуд” махсус тадбирида экани ҳақида айтган, фуқаро эса у тарафга сигарета пуфлаганича ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортган.
Инспектор холислар иштирокида бир неча марта, яхши муомала билан, ундан ҳужжатларини тақдим этишни сўраган. Сўнг машина эшигини очмоқчи бўлганида ҳайдовчи унинг қўлини эшик ойнасига қисиб олиб, тутқични бураган.
"Энди холис фикрингизни айтинг, шу вазиятда ЙПХ инспектори ҳайдовчини текширмаслиги, майли ҳужжат бермас эканлар деб қўйиб юбориши керакмиди?", дейди Матбуот котиби.
Хабарга кўра, "Хавфсиз ҳудуд" тезкор профилактик тадбири одатда криминоген вазияти юзасидан ҳуқуқбузарлик ёки жиноятчилик, нисбатан кўпайган ҳудудларда ташкил этилади.
"Дейлик, шу ҳудудда қидирувдаги жиноятчи, ҳуқуқбузар ёки ноқонуний маҳсулотларни олиб ўтиш ҳолатлари бор ва махсус назорат тадбири ўтказиляпти.
Шу каби ҳолатларга чек қўйиш мақсадида тадбирга жалб этилган ходимларга ҳайдовчи ҳужжат бермаса, у текширилмай қўйиб юборилса, кейинчалик шу ерда жиноятчиликни авж олиши ўзимизга ёки бирор яқинимизга ҳам таъсир кўрсатмаслиги кафолати борми?", дейди Матбуот котиби.
Шунингдек, Бобур Тўлаганов блогерлардан маълумотни тўғри талқин қилиш ва аниқлик киритиб олгандан кейин тарқатишини сўради.
LiveБарчаси