Ангрен ИЭС ҳавони ифлослантиргани учун ярим миллиард сўмдан ортиқ компенсация тўлаши белгиланди

Жамият

image

Тошкент вилоятида жойлашган “Ангрен иссиқлик электр станцияси” (Ангрен ИЭС)га нисбатан атмосфера ҳавосига етказилган зарар учун жами 533 миллион 683 минг 525 сўм компенсация тўлови белгиланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълум қилди. 

Билдирилишича, вазирликнинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан Ангрен ИЭС фаолияти текширилган ва корхонанинг 1- ва 3-манбаларидан атмосфера ҳавосига ташланаётган ташламалар таркибини ўрганиш бўйича таҳлил намуналари олинган. 

“Натижада 1-манбада углерод оксиди белгиланган меъёрдан 4,37 баробар (8,3209 г/с (1,9022 г/с), азот оксиди 7,68 баробар (31,7488 г/с (4,1321 г/с), 3-манбада эса азот оксиди меъёрдан 15,24 баробар юқори эканлигини (42,3119 г/с (2,7757 г/с) маълум бўлди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Ҳолат бўйича 2023 йил 4-чораги ва 2024 йил январь-февраль ойларида атмосфера ҳавосига ташланадиган ташламалар меъёридан ошгани учун қўшимча равишда 140 миллион 781 минг 348 сўм компенсация тўлови белгиланган. 

Шунингдек, ИЭСга 2022-2023 йиллардаги фаолияти давомида атмосфера ҳавосига ташланган ташламалар ва кўмир кули чиқиндиси учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги 202-сонли қарорига асосан ҳисоб-китоб қилинганлиги кўриб чиқилганда, корхонанинг чанг-газ тозалаш ускуналари самарадорлиги ҳисобга олинмаганлиги сабабли 2022 йил учун қайта ҳисоб-китоб қилинган ва қўшимча равишда 263 миллион 739 минг 791 сўм ва 2023 йил учун қўшимча равишда 129 миллион 162 минг 386 сўм компенсация тўлови ҳисобланган. 

Шундай қилиб, корхонага нисбатан атмосфера ҳавосига етказилган зарар учун жами 533 миллион 683 минг 525 сўм компенсация тўлови белгиланди. 

Бундан ташқари, текширув ишларига тўсқинлик қилган Ангрен ИЭС ходими Д.М.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197-прим 6 моддаси (Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, шунингдек унинг кўрсатмаларини бажармаслик) билан баённома расмийлаштирилиб, ҳужжатлар судга юбориш учун тайёрланаётгани билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2 февраль куни Тошкент иссиқлик электр станциясида мазутдан фойдаланилаётганлиги аниқланган ва ИЭС атроф-муҳитни ифлослантиргани учун 1 млрд 23 млн сўм (атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун 759 млн, нефть маҳсулотлари билан ерни ифлослантирганлик учун 264 млн) миқдорида жаримага тортилганди. 6 февралда эса Янги Ангрен ИЭСнинг атмосфера ҳавосига ташланаётган зарарли моддалар белгиланган меъёрларга нисбатан юқори экани аниқланди ва у 1 млрд 3 млн сўм миқдорида жаримага тортилди. Энергетика вазирлиги эса иссиқлик станциялари ва иссиқлик марказлари мазутдан фойдаланишининг Тошкентдаги ҳаво ифлосланиши билан боғлиқлигини рад этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ангрен ИЭС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар