Англия футболида дарвозабонлар учун янги қоида синовдан ўтказилади
Спорт
−
28 июл 1385 1 дақиқа
Англия футбол лигалари жароҳат олгандек кўринган дарвозабонлар билан боғлиқ янги қоидани синов тариқасида жорий этмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Янги тартибга кўра, агар дарвозабонга майдонда физиотерапевт ёрдами керак бўлса, унинг жамоаси бир дақиқа давомида бир нафар футболчисиз ўйнайди.
Бу ҳолатда бош мураббий 10 сония ичида қайси футболчи вақтинча майдонни тарк этишини белгилаши шарт. Агар бундай қарор қабул қилинмаса, жамоа сардори бир дақиқага майдонни тарк этади.
Қоида жиддий жароҳатлар – мия чайқалиши, кучли қон кетиши ва шунга ўхшаш ҳолатларга нисбатан қўлланилмайди. Шунингдек, агар ўйин тўхтатилмаган бўлса, мазкур тартиб амал қилмайди.
Маълум қилинишича, Халқаро футбол ассоциациялари кенгаши (IFAB) синов натижаларини таҳлил қилади. Агар ташаббус маъқулланса, янги қоида 2027-2028 йилги мавсумдан бошлаб бутун дунё футболида амал қила бошлаши мумкин.
BBC маълумотига кўра, ушбу ташаббусга 2025 йил ноябридаги баҳсли воқеалардан бири туртки бўлган. Ўшанда “Лидс Юнайтед” бош мураббийи Даниэль Фарке “Манчестер Сити” дарвозабони Жанлуижи Доннаруммани вақтни атайлаб чўзганликда айблаган эди. Бу баҳс “Сити”нинг “Лидс” устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган учрашувидан кейин юзага келган.
Live
Барчаси