Анемия: “Сизлар кам гўшт еяпсизлар”

Саломатлик

image

Фарзандингизда сурункали чарчоқ, уйқусизлик, бош айланиши, ҳолсизланиш, тери қуриши, соч синувчанлиги, руҳий тушкунлик, асабийлашиш ва безовталаниш каби белгиларни сезсангиз зудлик билан шифокорга мурожаат қилинг. Негаки, бу белгилар дунё аҳолисининг чорак қисмида учрайдиган анемияга тегишлидир. 

Хўш, анемия, яъни камқонлик ўзи нима? Бу касаллик эмас, балки қон тизимининг бирламчи шикастланиши ёки унга алоқаси бўлмаган аксарият касаллик ва патологиялар билан боғлиқ бўлган симптом саналади. Бу симптом етишмаслиги болаларда, айниқса, оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Aнемиянинг юзага келиши ташқи ва ички, наслий ва орттирилган, ҳомиладорлик ва туғилгандан кейинги омиллар билан боғлиқ. 

Кўп ҳолларда ҳомиладор аёлларда темир моддасига бўлган талаб икки карра ортади. Бироқ, мева-сабзавотлар, гўшт маҳсулотларини тўйиб истеъмол қилмаслик оқибатида онадаги камқонлик чақалоққа ўтади. 

Бола танаси тез ривожланади. Унинг ўз қувват “захираси” бўлиши керак. Бу “захира”нинг асоси эса қон билан боғлиқ. Тўйиб овқатланмаслик, витаминга бой маҳсулотларнинг истеъмол танқислиги ҳам анемияга сабабчи бўлиши мумкин. Болаларда жисмоний ва ақлий ривожланишдан орқада қолиш, қолаверса, сурункали ва юқумли касалликларга мойиллик ҳолатлари ҳам учраб туради. 

Камқонликнинг клиник белгилари аввало терида сезила бошлайди. Бола танаси оқариб майинлашади. Бундан ташқари, тирноқ ва сочларнинг заифлашиши, тил яллиғланиши ва юзаки яралар ҳам анемиядан огоҳлантирувчи бегилардир.

Юқоридаги белгиларнинг аксириятини ҳар биримиз бошимиздан ўтказганмиз. Лекин бу билан бизни ҳеч ким камқонликда айблолмайди. Aнемияни аниқлаш учун қон текширувидан ўтиш талаб этилади. Қондаги эритроцитлар ва гемоглобин сонининг кўрсаткичларигина вазиятга ойдинлик киритиши мумкин.

Қон етишмовчилигининг кенг тарқалган турларидан бири бу темир моддасига бўлган эҳтиёж. Aйнан шу жиҳат камқонликни келтириб чиқарадиган сабабларни кўрсатиб беради. Олимларнинг таъкидлашича, темир моддасига бўлган эҳтиёж икки хил йўл билан вужудга келиши мумкин: темир моддаси озиқ-овқат орқали организмимизни етарли миқдорда таъминланмайди ёки танадан ортиқча чиқарилади. 

Темир моддаси гўшт, жигар, барра сабзавотлар, қуритилган мевалар, дуккакли экинлар ҳатто, нон маҳсулотларида ҳам учрайди. Қолаверса, дўкон расталарида анемиянинг олдини олувчи моддалар билан бойитилган маҳсулотлар ҳам талайгина. Бироқ танамиз кунига бир неча миллиграмдан ортиқ темир моддасини қабул қилолмайди. Болаларда бу кўрсаткич янаям пастроқ. 

Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, камқонлик касаллигини даволаш узоқ вақт олади. Бундан ташқари, даволаш жараёни шифокор назорати остида бўлиши керак. Негаки, беморда қизил қон таначалари ва гемоглобин миқдори меъёрий даражадан паст бўлиши ёки ички қон кетиши каби ўта таҳликали ҳолатлар юз бериши мумкин. 

Aнемиянинг енгил тоифасида эса юқорида санаб ўтилган темир моддасига бой озуқалар билан парҳез қилиш тавсия этилади.

Халқда бир нақл бор: касални даволагандан унинг олдини олган афзал.  

Камқонлик профилактикасининг асосий белгилари витаминга бой парҳезга амал қилиш, шунингдек шифокор кўрсатмалари асосида темир сақловчи дори воситаларини қабул қилиб туриш.   

Темир микроелементининг суткалик норма миқдори 20-25 миллиграмни ташкил этади. Ушбу миқдорнинг асосий қисми (90%) қизил қон ҳужайралари парчаланишида чиқариладиган эндоген темир бўлиб, 10% озиқ-овқат маҳсулотлари билан кирадиган экзоген темир ҳисобланади.

Ўзбекистонда коронавирус инфексияси туфайли жорий этилган карантин чекловлари фуқароларнинг иқтисодий аҳволига бироз бўлса-да таъсир қилди. Бозор расталаридаги ёнғоқ, бодом, майиз, лавлаги, қўзиқорин, денгиз маҳсулотлари, гўшт, балиқ  каби қувватга бой егуликлар нархи баланд эканлигини ҳисобга олсак, камқонлик ҳолатларининг кўпроқ учраши табиий.

Сўзимиз сўнгида ота-оналарга юзланмоқчимиз: фарзандингизни овқатланиш рационига эътиборли бўлинг. Зеро, соғлом бола — соғлом келажак. 

Карим Зарипов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

96

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг