Андижонда блогер аёл калтакланганми? “Андижон ҲЭТК” раддия билан чиқди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Андижонда блогер Фотима Жўраева калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бош прокуратура Матбуот хизмати Фотима Жўраеванинг олган тан жароҳатларини оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланганини маълум қилганди. 

Андижон вилояти “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, Улуғнор туманида блогер Фотима Жўраеванинг туман электр таъминоти корхонаси бош ҳисобчиси томонидан калтакланганлиги юзасидан бўлган воқеалар назоратга олинган бўлиб, мазкур ҳолатни атрофлича ўрганиш мақсадида махсус комиссия тузилган.

Комиссия томонидан аниқланган дастлабки маълумотларга кўра, Фотима Жўраева жорий йилнинг 18 ноябрь куни туман электр тармоқларига келиб, ўзини блогер сифатида таништирган ва ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмасдан ўзи фаолият юритаётган Улуғнор туманидаги “Истиқлол зар толаси” фермер хўжалигининг электр энергияси таъминотига оид тўловлар бўйича жорий ҳолатни аниқлаштирувчи ҳужжатларни талаб қилган. Корхона ҳисобчиси, ўз навбатида, маълумотлар фақат корхона раҳбарига тақдим этилиши мумкинлигини маълум қилган. 

“Ҳисобчи М.С.нинг комиссияга маълум қилишича, блогер Фотима Жўраева таъкидлаётганидек, уни уриб тан жароҳати етказмаган. Унинг айтишича, Ф. Жўраевани тинчлантирмоқчи бўлганида, у турли хил ҳақоратли сўзлар орқали кўпчилик олдида обрўсизлантирилган. Бу ҳақида ўша куни воқеанинг гувоҳи бўлган электр таъминоти корхонаси ходимларининг қўл телефонига туширилган видеотасмалар бор”, дейилади муносабатда.

Шунингдек, блогер тарқатган мурожаатида ўша кунги унга шерик бўлган икки фермер аёл ҳам калтакланганлигини маълум қилганди. Бироқ, фермер хўжалиги раҳбари Каримахон Тоштемирова комиссияга унга нисбатан ҳеч ким куч ишлатмаганини маълум қилган.

“Ўша куниёқ блогер Фотима Жўраева воқеа юзасидан Улуғнор тумани ИИБга мурожаат қилган. Ҳозирда унинг олган тан жароҳатлари оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. 

Бундан ташқари Ф. Жўраева мурожаатида фермер хўжалигининг истеъмол қилинган электр энергиясидан бўлган қарздорлигини сунъий оширилиши тўғрисида гапириб ўтилган. Комиссия аъзолари ушбу ҳолат юзасидан қуйидагиларни аниқлади. Улуғнор туманида пахтачилик-ғаллачилик йўналишида фаолият кўрсатаётган “Истиқлол зар толаси” фермер хўжалиги билан Улуғнор туман электр таъминоти корхонаси ўртасида тузилган 270202-сонли электр энергиясини етказиб бериш тўғрисидаги шартномага асосан, мазкур фермер хўжалигига электр энергияси етказиб берилади”, дея ёзилган "Андижон ҲЭТК" муносабатида.

Мазкур ҳолат юзасидан махсус комиссия аъзоларининг “Истиқлол зар толаси” фермер хўжалиги раҳбари билан суҳбати чоғида, шаклланган қарздорлик юзасидан тушунтириш берилган. Шу тариқа фермер хўжалигининг қарздорлиги сунъий оширилмаганлиги ўз тасдиғини топган.  Фермер хўжалиги раҳбари Карима Тоштемирова Улуғнор тумани электр таъминоти корхонаси ходимларига нисбатан эътирози йўқлигини билдириб ўтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

197

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг