“Андижонча тендер”: вилоятда қариндошлар бир неча миллиардлик давлат буюртмаларини бўлиб олган

Жамият

image

Андижон вилояти “Ягона буюртмачи хизмати” ИК раҳбари Муҳиддин Қодиров ўзига тегишли бўлган “Milano Biznes Servis” МЧЖга қарийб 20 млрд сўмлик қурилишга оид давлат буюртмаларини олган.

Telegram`даги “davletovuz” каналида вилоятдаги бир неча миллиард сўмлик давлат буюртмалари амалдорларнинг ўзи ёки қариндошларига тегишли компаниялар томонидан бажарилаётгани, манфаатлар тўқнашуви, таниш-билишчилик, қариндошчилик алоқалари яққол кўриниб қолгани ҳақида маълумот эълон қилинди.

Хусусан, “Andijon ihlos qurilish” МЧЖ Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағларидан амалга ошириладиган қурилиш объектлари манзилли рўйхатидаги тахминан 10 млрд 800 млн сўмлик давлат буюртмаларини бажаришга масъул қилиб белгиланган. Айни пайтда Республика бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасида амалга ошириладиган манзилли қурилиш рўйхатидаги 3 млрд 200 млн сўмлик объектлар мазкур компанияга берилган. Бундан ташқари, мазкур компания Пахтаобод туманида 26,5 млрд сўмлик иккита 32 квартирали кўп қаватли уйни қуриш ва тегишли иншоотларни таъмирлаш бўйича тендерда ғолиб бўлган. Тегишли шартнома 2020 йил 9 ноябрда имзоланган.

“Andijon ihlos qurilish” МЧЖ улуши тўлиғича Қодиров Бахтиёр Абдуманнобовичга тегишли. Бахтиёр Қодировнинг тўғридан тўғри қариндоши эса, шу объект бўйича бевосита давлат буюртмачиси бўлган Андижон вилояти “Ягона буюртмачи хизмати” ИК раҳбарининг ўринбосари — Қодиров Мансурбек Абдуманнобович ҳисобланади.

Шу йилнинг 30 март куни Ҳукумат қарори билан Андижон вилояти қурилиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган Рустамбек Тожибоевич Хожибоев ҳали ҳам “Ixtisoslashgan Shahrixon Qurilish” МЧЖ улушларига тўлиқ эгалик қилади. Мазкур компания амалдорнинг янги лавозимдаги даврида ҳам миллиардлик шартномаларни олишда давом этган. Масалан, соғлиқни сақлаш соҳасида республика бюджетидан бажариладиган 18 млрд 730 млн сўмлик қурилиш объектлари айнан Рустамбек Хожибоевнинг компаниясига насиб қилган. Масалан, шу йилнинг 2 октябрь куни имзоланган пудрат шартномасига биноан, “Ixtisoslashgan Shahrixon Qurilish” МЧЖ Шаҳрихон тумани 2-туғуруқ мажмуасини қарийб 5,6 млрд сўмга реконструкция қилиши зарур. Бу компания тумандаги 1-туғуруқ мажмуасини ҳам якуний қиймати қарийб 12,8 млрд сўмга реконструкция қилиб келади.

“Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Андижон вилоят филиали раҳбари Жабборқулов Равшанбек Ҳабибуллаевич ва унинг қариндоши Жабборқулов Хайрулло Ҳабибуллаевич эгалик қиладиган “Xonobod Savdo Ravnaqi” МЧЖ ҳам Андижон вилояти “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясидан Қўрғонтепа тумани Шаҳрихонсой МФЙдаги 2-сонли мактабгача таълим муассасасини реконструкция килиш учун 4,7 млрд сўмлик буюртмани ҳамда ўзи раҳбарлик қиладиган “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Андижон вилоят филиалидан 3,2 млрд сўмлик буюртма олган ва бажарган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

367

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг