Андижонда 100 гектар ерни пулламоқчи бўлган масъуллар 10 йилга қамалди
Жамият
−
05 Июнь 2021
4117Андижон вилоятида 100 гектар ер майдонини 135 000 доллар пора эвазига сотмоқчи бўлган мансабдор шахсларга жазо тайинланди. Жиноят иши доирасида тўрт киши суд қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Кеча, 4 июнь куни Андижон вилояти суди вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Кичик саноат зоналарини бошқариш ягона дирекцияси” бош мутахассиси лавозимида ишлаган Ойбек Абдужалилов, “Универсал водий гипс” МЧЖ раҳбари лавозимида ишлаган Абдулҳамид Усвалиев, фуқаро Абдураҳмон Усвалиев ва Андижон вилояти ҳокимлиги Иқтисодий тараққиёти ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси ғазначиси лавозимида ишлаган Умиджон Солиевга оид жиноят ишини кўриб чиқди.
Иш ҳужжатлари ва судда аниқланган ҳолатларга кўра, судланувчи О.Абдужалилов вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Кичик саноат зоналарини бошқариш ягона дирекцияси” бош мутахассиси вазифасида 2019 йил 1 ноябрдан ҳозирги кунга қадар ишлаб келиб, У.Солиев, Абдулҳамид Усвалиев ва Абдураҳмон Усвалиев билан олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ бўлганлари ҳолда жабрланувчи И.Дадахўжаевга Хўжаобод туман ҳокимияти мансабдор шахслари орқали туман ҳудудидан чорвачилик фермер хўжалиги ташкил қилиш учун жами 100 гектар ер майдони ажратиб, ҳужжатларини тайёрлаб беришларини ваъда қилган. Улар бу хизмати эвазига, фирибгарлик йўли билан уни жами 135 000 АҚШ доллари миқдорида пора беришга далолат қилган ва И.Дадахўжаевдан жорий йилнинг 26 март куни ушбу пуллар ҳисобидан дастлаб 7 000 АҚШ долларини олган. 29 март куни эса қолган 128 000 АҚШ долларини Андижон шаҳар, Бўстон даҳасида жойлашган “УзДонгЯнг-Ко” қўшма корхонаси олдида олаётганларида ДХХ ҳамда ИЖҚК департаменти Андижон вилояти бошқармаси ходимлари томонидан хамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинган.
Шунингдек, шу куни О.Абдужалиловнинг ихтиёрий розилигига кўра давом эттирилган тезкор тадбирда, вилоят ҳокимлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси хўжалик мудири-кассир вазифасида ишлаб келган У.Солиев жабрланувчи ўзига тегишли 70 000 АҚШ долларини жиноий шериги О.Абдужалиловдан Андижон шаҳар, Пушкин кўчасида жойлашган Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалининг автотураргоҳида олган вақтида ушланган.
Юқоридаги қайд этилган жиноий ҳаракатлар учун О.Абдужалилов Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, унга 3 йил мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 10 йил 6 ой, Абдулҳамид Усвалиев Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, унга 10 йил 2 ой, Абдураҳмон Усвалиев Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, унга 10 йил 2 ой, У.Солиев Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, унга 3 йил мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь