Андижон ва Хоразмда аҳолига ажратилган арзон кўмирни “растрата” қилган масъуллар ушланди
3-саҳифа
−
03 Ноябрь 2020
4944Андижон ва Хоразм вилоятида аҳолига етказилиши керак бўлган арзон кўмирни талон-торож қилган масъуллар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.
Шаҳрихон шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда HOWO русумли юк машинаси ҳайдовчиси “З.” ҳеч қандай ҳужжатсиз кўмир маҳсулотларини олиб кетаётганлиги аниқланган.
Ушбу ҳолат бўйича ўтказилган текширувда, “Ўзбеккўмир” АЖнинг “Андижон кўмир етказувчи” филиали Шаҳрихон тумани омбори мансабдор шахслари аҳолига етказилиши лозим бўлган арзонлаштирилган 24,3 тонна кўмирни 12,1 млн сўмга сотиб юборганликлари фош бўлган.
Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан ҳам тезкор тадбир ўтказилган. Унда “Кўмир таъминот” МЧЖ Хоразм вилояти филиалига қарашли Янгиариқ туман кўмир омбори мудири Р.А. ва оператори Д.Ж. аҳолига етказилиши лозим бўлган арзонлаштирилган 38,9 тонна кўмирни 13,6 млн сўмга “Р.” МЧЖга қарашли пишган ғишт ишлаб чиқарувчи корхонага сотишган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
LiveБарчаси