Андижон давлат университетида аёл тўртинчи қаватдан тушиб кетди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Андижон давлат университетининг Тарих факультети биносининг тўртинчи қаватидан ҳомиладор аёл тушиб кетганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Университет маъмурияти ушбу ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Маълум қилинишича, ҳақиқатда кеча, 4 декабрь куни соат 14:00 атрофида Андижон давлат университетининг 1000 ўринли биносининг 4 қаватидан аёл киши эҳтиётсизлик оқибатида тушиб кетган.

Ҳолат қуйидагича содир бўлган. 4 декабрь куни ижтимоий-иқтисодиёт факультети талабалари ота-оналари учун мажлис ўтказилган. Мажлис университетнинг 1000 ўринли биноси 4-қаватида жойлашган кичик мажлислар залида бўлиб ўтган. Унда иштирок этган талабалардан бирининг келинойиси йиғилиш бўлаётган вақтда телефон бўлиб қолгани сабабли йиғилишдан чиқиб, телефонда суҳбатлашган.

Айни шу қаватда бинонинг зиналарини янги, бақувватроғига алиштириш учун эскиси олиб ташланиб, янгисини ўрнатилиш ишлари амалга оширилаётган бўлган.

“Аёл телефонда суҳбатлашиш жараёнида қурилиш бўлаётган ҳудудни англатувчи белги ва тўсувчи тасмаларга аҳамият бермасдан зинапоя томонга юрган ва эътиборсизлик оқибатида тушиб кетган. Бунда қурилиш-таъмирлаш ишлар олиб борилаётган ҳудуд тўлиқ беркитиб қўйилмагани ҳамда аёлнинг тўсиқ ленталарига эътибор бермаслиги сабаб бўлган”, дейилади университет хабарида.

Ҳодиса юз берган вақтнинг ўзидаёқ университетнинг масъул ходимлари томонидан шошилинч тез ёрдам чақирилиб, фуқаро республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига университет маъмурияти вакиллари ҳамроҳлигида олиб борилган ва биринчи ёрдам кўрсатилган. 

Маълумот учун, аёл ҳомиладор бўлмаган, дейилади расмий баёнотда.


Мақола муаллифи

Теглар

Андижон университет

Баҳолаганлар

774

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг