Амударёнинг юқори ва ўрта оқимида сув тошқинлари бўлиши кутилмоқда
Жамият
−
25 Май
14994Тожикистон ва Афғонистондаги кучли ёғингарчиликлар ортидан Амударёда сув сатҳи кўтарилиши мумкин. Бу ҳақда Туркманистон Гидрометеорология хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Амударёнинг асосий кузатув пункти "Керки" гидропостида 21-23 май кунлари сув сатҳи нолдан 290-310 сантиметргача, "Туркманобод"да 22-25 май кунлари 270-300 сантиметргача, "Дарғон-Ота"да 480-500 сантиметргача кўтарилиши прогноз қилинмоқда.
18 ва 23 майда олинган сунъий йўлдош тасвирлари солиштирилганда ҳам Амударёда сув сатҳининг кўтарилиши 18 май кунига нисбатан 23 майда сезиларли кўпайиб кетганини кўриш мумкин.
Тахминларга қараганда, Амударёда сув сатҳи кўтарилишига Тожикистон ва Афғонистонда кучли ёмғир сабаб бўлмоқда. 16-18 май кунлари Тожикистоннинг бир неча минтақаларида жуда кучли ёмғир ёғди. Об-ҳаво станцияларидан олинган маълумотларга кўра, жойларда кунига 50 мм ва ундан ортиқ ёғингарчилик кузатилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги жорий йилда Амударё ва Сирдарёда сув ҳажми яхши бўлиши ҳақида маълум қилганди.
Ҳабиб Жўрабоев