“Амирсой” тоғ-чанғи курорти ишга тушди (фоторепортаж)

Жамият

амирсой15

Кеча, 21 декабрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида “Амирсой” тоғ-чанғи курортининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда QALAMPIR.UZ мухбирлари ҳам иштирок этди. 

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб берди. 

“Амирсой” мажмуасини ишга тушириш учун Италия, Германия, Австрия, Аргентина, Испания ва Дания каби давлатлардан етакчи лойиҳачи компаниялар жалб этилиб, тоғ-чанғи курорти мажмуаси замонавий жаҳон стандартлари асосида қуриб битказилди. Ушбу лойиҳа соҳада катта тажрибага эга Aндорранинг “PGI Management” компанияси томонидан амалга оширилди”, деди Азиз Абдуҳакимов. 

“Амирсой” лойиҳасини амалга оширишга 2018 йилда старт берилди. 892 гектар майдонда кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилди. 580 ўринга мўлжалланган лойиҳа доирасида 300 янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган ҳамда унинг умумий қиймати 100,0 млн АҚШ долларини ташкил қилади. 

“Амирсой”ни қуриш ишларига энг илғор ва инновацион технологиялар жалб қилинган бўлиб, курорт лойиҳаси икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич – 2019 йилнинг IV чорагида биритирилди. Иккинчи босқич эса 2022 йилнинг III чорагида битказилиши режалаштирилган. 

Шунингдек ҳудудда Австриянинг “Doppelmayr Seilbahnen GmbH” компанияси томонидан икки замонавий дор йўли қурилди, унинг узунлиги 2 193 метр бўлиб, ўтказувчанлик қобилияти соатига 2 400 кишини ташкил этади. 

Қишки дам олиш зонасида Aргентина, Испания ва Дания мутахассислари назорати остида турли мураккабликдаги 15 км узунликдаги тоғ-чанғи йўллари қурилди. Уларнинг 4 таси курортнинг энг юқори нуқтасидан бошланади ва энг узун трасса 3 550 метрни ташкил этади.

Сунъий қор ишлаб чиқариш тизими эса чанғи мавсумини ноябрдан апрель  ойигача узайтиришга хизмат қилади. 

Қишки спорт ўйинлари ишқибозлари, чанғичилар ва сноубордчилар учун ҳар қандай даражадаги йўллар мавжуд бўлиб, уларнинг тоғ-чанғи спорти билан шуғулланиши учун барча шароитлар яратилган. 

Шу билан бирга, тоғ-чанғи курорти мажмуаси ҳудудида тюбинг, пиёда саёҳатлар, қорда юриш учун махсус турлар, чана ва квадроциклда учишларни ўз ичига олган кўнгилочар зона ва махсус болалар ўйин майдончаси учун алоҳида ҳудудлар ташкил этилган.

Айни вақтда лойиҳанинг биринчи босқичи якунланиб, “Амирсой” дам олиш масканининг кенг жамоатчилик учун очилишга тайёр ҳолатга келтирилган.

Статистик маълумотларга кўра, Тошкент вилоятида 2019 йил якуни бўйича 1464,5 мингга яқин сайёҳ ташрифи кутилаётган бўлиб, жумладан, хорижий туристлар сони 205,1 минг кишига етиши кутилмоқда. 2020 йилда кутилаётган туристлар сони ўсиши ўтган йилга нисбатан 10,3 фоизга, жумладан хорижий туристлар сони 16,6 фоизга ўсиши кутилмоқда, улардан “Амирсой” сайёҳлик мажмуасини ишга тушириш ҳисобига ташриф буюрувчиларнинг сонини қўшимча жами 32,8 минг нафарга кўпайтириш назарда тутилган. 

Шуниси диққатга сазоворки, “Aмирсой” тоғ-чанғи курортининг ишга туширилиши Ўзбекистонга туристларни жалб этишда мавсумийлик тушунчасини йўқотишга олиб келади.


Мақола муаллифи

Теглар

Амирсой тоғ-чанғи курорти

Баҳолаганлар

129

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг