Xиёнат қилганлар. 2023 йилда қанча амалдор қамалди?

Таҳлил

2023 йилда қанча мансабдор қандай турдаги жиноятларни содир этиб, жиноий жавобгарликка тортилганини биласизми? Агар “каттакон”лар кўпроқ пора билан қўлга тушган деб ўйлаётган бўлсангиз адашасиз. Биласизми, Ўзбекистонда амалдорлар энг кўп ўзлаштириш ёки растрата йўли билан ўзганинг мулкини талон-торож қилганлик учун айбли деб топилган.

Яқинда Бош прокуратура мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, 2023 йилда 3575 нафар мансабдор шахс 3412 та жиноий иш бўйича жавобгарликка тортилган. Қайд этиш жоиз, бу статистика 2022 йилга қараганда, камайиш ўрнига ошган. Масалан, 2022 йилда очилган 2965 та жиноий иш бўйича 3116 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Демак, 2022 йилга нисбатан бу кўрсаткич 14,7 фоизга ёки 459 тага ошган. 2023 йилда умумий ҳисобда амалдорлар давлат бюджетига 1 триллион 12 миллиард сўм миқдорида зарар етказган. Шундан 847 миллиард сўм ундирилган.
Мавқеи бўйича республика миқёсида 49 нафар амалдор жазоланган. Қувонарлиси, бу 2022 йилга нисбатан бир мунча кам. Мисол учун, 2022 йилда республика бўйича 110 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилган. Вилоят миқёсида 2022 йилда 264 нафар ходимлар жавобгарликка тортилган бўлса, 2023 йилда эса 267 нафар “курси эгаси” ўз жазосини олган. Туман ва шаҳар миқёсида эса бу статистика ошган. Масалан, 2022 йилда 2742 нафар амалдор, 2023 йилда эса 3259 нафар амалдор жавобгарликка тортилган.

Эълон қилинган статистикага кўра, 2023 йилда мансабдорлар томонидан энг кўп ўзлаштириш ёки растрата йўли билан ўзганинг мулкини талон-торож қилиш жинояти содир этилган. Жумладан, ушбу жиноятни 2023 йилда 2103 нафар амал эгаси содир этган бўлса, 2022 йилда бу рақам 2205 нафарни ташкил этган. Ҳа айтганча, 2023 йилда амалдорлар пора олиш бўйича 2022 йилги рекордни янгилаган. 2022 йилда 169 нафар мансабдор пора олган бўлса, 2023 йилда амалдорлар бу рақамларни 195 нафарга етказган. Бош прокуратура эълон қилган маълумотга ишонадиган бўлсак,2023 йилда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва ҳокимият ёки мансаб доирасидан четга чиқиш каби жиноятларни содир этилиши камайган. Мансаб сохтакорлиги ва мансабга совуққонлик билан қараш жиноятлари эса кўпайган.

Ўз фаолиятини суиистеъмол қилиш жинояти оқибатида давлатга 1 миллиард 546 миллион сўм миқдорида зарар етказилган бўлиб, шундан 84,7 фоизи ёки 1 триллион 310 миллиард сўми ундирилган.

Қайд этиш жоиз, ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён Республика бўйлаб ўтказилаётган “Долзарб 40 кунлик” тадбири доирасида бир нечта жиноятчилар қўлга олинди. Шундан сўнг республика бўйлаб криминоген вазиятни яхшилаш мақсадида ўтказилаётган тадбир доирасида навбат амалдорларга келди чоғи, 18 декабрдан буён собиқ вазир, ҳоким, “зам” ҳокиму солиқчилар қамоққа олинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Масалан, улардан энг каттаси собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовнинг қўлга олиниши бўлди. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси “Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож” ва 205-моддаси “Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш” каби жиноятларни қилганликда гумонланиб ушланганди ва у қамоққа олинди. У ДХХ қамоқхонасида сақланаётгани аниқ бўлди.

Воитов охирги 7 йилда қўлга олинган энг йирик амалдор ҳисобланади. Шу вақтгача шахсан Президент ҳокимларни ишдан олган эди. Вазир ёки унинг “зам”лари дакки эшитиш билан чекланган. Бу сафар вазият жиддий бўлди чоғи қамоққа олишни собиқ қишлоқ хўжалиги вазиридан бошлашди.

Аммо уни қўлга олинишини эълон қилишдию шу билан жимжит бўлиб кетишди. Ҳозир Воитовнинг тақдири нима бўлгани ҳеч кимга аъён эмас. Воитовнинг қўлга олинишидан ҳеч қанча ўтмасдан бир қанча солиқ идоралари мансабдор шахслари ҳам бирин-кетин ҳибсга олина бошланди. Масалан, Тошкентда Солиқ қўмитасининг Қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилиги бошқармасининг ҚҚС тўловчиларини махсус рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи ҳамда қўмитанинг Солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш департаменти директори ўринбосари қўлга олинди.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси камерал солиқ текширувлар шўъбаси бошлиғи ҳам ушланган. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда мансаб сохтакорлиги моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва ушбу шахслар гумонланувчи тариқасида ҳибсхонага жойлаштирилган. 

Шунингдек, манбаларга таяниб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги бош мутахассиси ҳам фирибгарлик ҳамда пора беришда гумонланиб ҳибсга олинганини маълум қилгандик.

2023 йилда амалдорлар томонидан содир этилган жиноятларни санасак, адоғи йўқдек. Аммо баъзи бир курси эгалари ўтган йилги содир этилган жиноятлар рекордини янгилашни ўйлаган чоғи, 2024 йил бошланиши ҳам қўштирноқ ичида баракали бўлди. Масалан, январь ойининг охирида Фарғона вилоятида 43 минг АҚШ доллари ва 111,5 миллион сўм миқдорида пора олган мансабдор шахслар қўлга олинди. Билдирилишича, Фарғона вилоятида рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектининг мурожаати асосида Ўрмон хўжалиги агентлиги ҳузуридаги “Ўрмонқурилиш” ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро марказида текшириш ўтказилган.

Текширишда ушбу ташкилотларнинг мансабдор шахслари ўзаро жиноий тил бириктириб, тадбиркордан қурилиш лойиҳалари бўйича пудрат шартномаларини расмийлаштириш эвазига тамагирлик йўли билан жуда кўп миқдорни ташкил этувчи 43 минг АҚШ доллари ва 111,5 млн. сўм пул маблағларини пора тариқасида қўлга киритгани аниқланган.

Шунингдек, Самарқандда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ходими мавқеидан фойдаланган ҳолда одамларга АҚШ элчихонасидаги танишлари орқали виза расмийлаштириб, Қўшма Штатларга юбориш ҳақида ёлғон ваъдалар берган. Шу йўл билан фуқароларни чув тушириб келган. Жумладан, вазирлик ходими Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқародан виза олиб бериш эвазига 14 минг АҚШ доллари талаб қилган. Аммо ушбу пулларнинг 10 минг долларини олдиндан олаётган вақтида ушланган.

Жиноят содир этишда аслида ўзлари адолатни таъминлаши керак бўлган судьялар ҳам қолишмаган. Масалан, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг собиқ судьясига нисбатан жиноят иши қўзғатиилди. Унга кўра, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг собиқ судьяси Жиноят кодексининг 208-моддаси (Ҳокимият ҳаракатсизлиги) ва бошқа моддалари билан қўзғатилган жиноят иши бўйича гумондор сифатида жалб қилинган. Шунингдек, у Судьялар олий кенгаши қарорига асосан, жиноят иши қўзғатилишидан анча олдин лавозимидан озод этилиб, судьялик ваколати муддатидан илгари тугатилган.

30 январь куни эса жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман судининг раиси 2 000 АҚШ доллари миқдорида пора олаётганида қўлга тушди. Судья ўзининг иш юритувидаги Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва бошқа моддалари билан айбланган судланувчига енгилроқ жазо тайинлаш эвазига, судланувчининг отасидан 2 000 АҚШ доллари олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушланган. Унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги тақдимномаси кўриб чиқилиб, розилик берилган.

Булар бор йўғи ҳали йилнинг дастлабки ойида амалдорлар томонидан содир этилган жиноятлардир. Умид қиламизки, бу йил мансабдорларнинг жиноятга қўл уриши камаяди. Узатилган пораларни рад этишади. Уларга ишониб топширилган мансабни суиистеъмол қилишмайди, яна тағин ҳам билмадик, бу йил нималар бизни кутаётганини. Балки ҳеч қачон курсисини бермайдиган амалдорларни қўлга олинишига гувоҳ бўлармиз. Майли ҳозирча яхши ният қилиб турайлик. Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Изоҳларда фаол бўлиб QALAMPIR.UZ'ни кузатишда давом этинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокуратура Азиз Воитов жиноий жавобгарлик Долзарб 40 кунлик ўзлаштириш ёки растрата йўли билан ўзганинг мулкини талон-торож қилганлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг