Алп тоғлари бағридаги бутун қишлоқни муз босиб қолди
Олам
−
29 Май 9297 2 дақиқа
Кеча, 28 май куни Швейцариядаги Алп тоғларидан музлик қулаши оқибатида Блаттен номли қишлоқ бутунлай вайрон бўлди. Минг метрдан ҳам юқоридан қулаган улкан муз ва тош массалари Лётченталь водийсидаги аҳоли пунктини ер билан яксон қилган. Бу ҳақда SRF хабар берди.
Олдиндан эвакуация чоралари кўрилганига қарамай, маҳаллий ОАВ 1 кишининг бедарак йўқолгани ҳақида ёзмоқда. Яқин атрофдаги яна бир неча – Вилер ва Киппель муниципалитетлари аҳолиси ҳам уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Чунки Лонз дарёси ва Гизантелла ирмоғи оқимлари тўсилиб, сув тошқинлари хавфини юзага келтирган.
Мутахассислар бу ҳодисани “Алпдаги минг йиллик фалокат” деб атамоқда. Уларнинг огоҳлантиришича, музликларнинг тез эриши Швейцариядаги бошқа кўплаб шаҳарлар учун ҳам жиддий таҳдид туғдирмоқда. Воқеа юзасидан изоҳ берган Вале кантони расмий вакили Маттиас Эбенернинг айтишича, водийга “тасаввур қилиб бўлмас даражада кўп муз ва тош” қулаган.
Швейцария музликларини кузатиб бораётган олимларнинг фикрича, агар глобал ҳарорат саноатгача бўлган даврга нисбатан 1,5 даражадан ортиқ кўтарилса, мамлакат музликлари аср ичида бутунлай йўқолиб кетиши мумкин. Бу эса нафақат экологик, балки инсонлар ҳаёти ва хавфсизлиги учун бевосита хавф туғдиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бразилиянинг Амазонка минтақасида жойлашган шаҳар улкан жарликлар туфайли йўқолиш хавфи остида қолгани хабар қилинганди.
Live
БарчасиПутин Имомали Раҳмонга таъзия билдирди.
22 Декабрь