“Алло, самолётни террорчилар эгаллади”. 11 сентябрь теракти қандай содир этилганди? 

Бу қизиқ

image

Дунёни ўзгартириб юборган кун. 11 сентябрь. АҚШда қуёшли кунлар ҳали ортга чекиниб улгурмаган. Тонг. Ушбу кун америкаликлар хотирасида узоқ йиллар сақланиб қолишидан ҳеч кимнинг хабари йўқ. Кимдир ишхонага шошган, яна бошқа биров хизмат сафари билан аэропортга ошиқмоқда. Эталабдан дунёнинг энг қудратли давлатида ҳаёт қайнаяпти. Бироздан сўнг эса ҳарорат янада ортишини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмайди. На АҚШ Президенти, на Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ва на Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) мамлакатни қандай фалокат кутиб турганини тасаввур ҳам қила олмас эди.

Бундан роппа-роса 20 йил олдин, яъни 2001 йилнинг 11 сентябрь куни АҚШ тарихида энг йирик террорчилик ҳаракати юз берди. Ўша куни бир гуруҳ террорчилар йирик мегаполислар – Бостон, Нью-Йорк ва Вашингтондан ҳавога кўтарилган 4 та йўловчи самолётини қўлга олди. Улар “тирик ракета”да Нью-Йорк шаҳрида жойлашган эгизак биноларга ва Виржиния штатидаги мамлакат Мудофаа вазирлигининг штаб квартираси – Пентагонга ҳужум қилди. Оқибатда уч мингга яқин одам қурбон бўлди.

Ушбу терактни амалга ошириш режаси “Ал-Қоида” террорчилик гуруҳининг Афғонистонда жойлашган базасида 5 йил давомида ишлаб чиқилди. Ғоя “муаллифи” покистонлик жангари Ҳолид Шайх Муҳаммад бўлган. Ўз ўрнида, ушбу ғояни “Ал-Қоида” етакчиси Усама бен Лоден қўллаб-қувватлади.

Халид Шейх Мохаммед и Усама бен Ладен

Адашиб босилган тугмача

Ушбу операцияда террорчиларнинг 19 аъзоси қатнашди. Улар 4 гуруҳга бўлиниб, АҚШнинг ўзида 4 та йўловчи самолётини қўлга олди. Ҳар бир гуруҳ таркибида бир нафардан учувчи бўлган. Биринчи самолёт: АА11 рейси Бостон шаҳрининг Логан Халқаро аэропортидан ҳавога кўтарилди. Унинг таркибида 11 экипаж аъзоси, 76 нафар йўловчи ва 5 террорчи бўлган. Ушбу самолётнинг манзили Лос-Анжелес шаҳри бўлиши керак эди. АА11 рейси билан учаётган самолёт қўлга олингач, террорчи-учувчи бир хатога йўл қўйди. У йўловчиларга самолётни террорчилар қўлга олганини эълон қилиш мақсадида адашиб бошқа тугмачани босди. Шу тариқа, самолёт қўлга олингани ҳақидаги эълон йўловчиларга эмас, балки Бостон аэропортидаги авиадиспетчерларга ўқиб эшиттирилди.

“Тревога”

АҚШда самолёт террорчилар томонидан қўлга олингани ҳақидаги хабар тез орада бутун Федерал авиация маъмурияти (FAA)нинг барча бўлимларида айлана бошлади. Энг қизиғи, террорчи-учувчи ўз хабарида яна бир неча самолёт қўлга олинганини ҳам айтган эди. Бироқ, федераллар ушбу хабарнинг тагига етгунига қадар, барча 4 самолёт ҳавога кўтарилиб улгурди. Ҳавога кўтарилгач, террорчилар самолётлардаги транспондер қурилмасини ўчириб қўйди. Бу эса уларга ҳаво кемаси йўналиши, тезлиги ва баландлиги ҳақидаги маълумотни федераллардан яшириш имконини берди. Шу тариқа ҳавога кўтарилган самолётларни қутқариб қолиш ёки 9/11 терактининг олдини олиш учун сўнгги йўл ҳам беркилди.

Северная башня ВТЦ

Эгизак биноларнинг шимолийси

11 сентябрь. Соат 8:44. Биринчи самолёт бортидан “American Airlines” компаниясининг парвозлар бўйича раҳбари Майкл Вудвордга қўнғироқ бўлди. Бу АА11 рейси билан учган самолётнинг стюардессаси Мэдлин Суини эди. Суини самолётда бўлаётган воқеалар ҳақида Майкл Вудвордга хабар бериб турди. Ушбу қўнғироқ узоқ чўзилмади. Стюардессанинг айтган сўнгги гапи қуйидагича эди:

“Биз жуда пастлаб учаяпмиз, жуда паст. Пастлаяпмиз”. Шундан сўнг, алоқа узилади. Маълум бўлишича, ушбу самолёт Нью-Йорк шаҳрида жойлашган эгизак иморатлар – Бутунжаҳон савдо марказининг шимолий биносига бориб урилган.

Президент Буш-младший

АҚШ Президенти қаерда эди?

Ўша пайтда АҚШ Президенти кичик Жорж Буш эди. У 2001 йилнинг 20 январь куни расман вазифасига киришган бўлса, 11 сентябрда мамлакат тарихидаги энг қўрқинчли фалокат юз берди. Кимдир буни Буш учун омадсиз старт деса, яна кимдир оғир имтиҳон ва синов деб баҳолаган. Самолёт соат 8:46 да эгизак бинога урилди. Давлат раҳбарига эса 8:47 да хабар берилди. Бу пайтда Буш Флорида штатидаги бир мактабга ташриф буюрганди. У мактаб ўқувчилари билан суҳбат ўтказиши керак эди. Президентга фалокат ҳақида хабар берилганда, у режа бўйича ишлашда давом этди. Аниқроғи, мактаб ўқувчилари билан учрашувни қолдирмади, синфда ваҳима кўтармади. Ҳар ҳолда Ғарб манбалари Бушнинг ўша даврдаги ҳаракатларини шундай ёритишган.

Президент Буш и Эндрю Кард

Иккинчи зарба. Мўлжал – эгизак биноларнинг жанубийси 

Биринчи зарбадан сўнг, орадан 17 дақиқа ўтгач, иккинчи самолёт Бутунжаҳон савдо марказининг жанубий биносига келиб урилди. Қизиғи, бу самолёт ҳам биринчиси каби Бостондан айнан Логан Халқаро аэпортидан ҳавога кўтарилган. Унинг таркибида 9 нафар экипаж аъзоси, 51 йўловчи ва 5 террорчи бор эди. Уларнинг барчаси бир онда кулга айланди. Бу вақтда мамлакат Президенти ҳали ҳам синфда мактаб ўқувчилари билан суҳбатлашиб ўтирганди. Ўша вақтдаги Оқ уй администрацияси раҳбари Эндрю Кард секин келиб, Бушнинг қулоғига иккинчи самолёт фожиаси ҳақида хабар берди.

“Ваҳима қилмаслик муҳим эди. Шу сабабли синфни тарк этиш учун қулай вазиятни кутдим. Синфга тўла болакайларни қўрқитиб юборгим келмади”, деган Буш кейинроқ.

Учинчи самолётдан бўлган қўнғироқлар 

Учинчи самолёт таркибида 7 нафар экипаж аъзоси, 33 йўловчи ва 4 террорчи бор эди. Террорчиларга ливанлик Зиёд Самир Жарроҳ раҳбарлик қилган. Самолёт қўлга олингач, террорчилар йўловчиларга қўнғироқ қилишга рухсат берди. Ўша вақтда самолёт бортидан 37 та қўнғироқ амалга оширилди. Кимдир уйга, яқинларига, севганига, яна кимдир қутқарув хизматига телефон қилган. Видолашган, ёрдам сўраган, чексиз муҳаббатини изҳор қилган. Ҳа, барчаси шундай бўлган эди. Терактдан сўнг, ўтказилган текширув ҳисоботларида бу ҳақда айтилган. Террорчиларга эса ўша пайтда фарқи йўқ эди. Улар энди режаларига ҳеч ким қаршилик қила олмаслигини биларди. Тайёргарлик ҳам шунга яраша эди.

Кутилмаган қаршилик

Террорчиларга қаршилик айнан учинчи самолётда кўрсатилади. Ушбу самолёт террорчиларнинг режаси бўйича АҚШ Президенти қароргоҳи – Оқ уйга учирилиши керак эди. Бироқ бундай бўлмади. 

Элис Хоугланд исмли собиқ стюардесса учинчи самолёт бортида бўлган ўғлига овозли хабар юборади. Унда самолёт бошқарувини қандай бўлмасин террорчилардан олиб қўйиш айтилганди. Шунда самолёт бортида қизиқ ҳолат юз берди. Йўловчилар террорчиларга қаршилик кўрсатиш ёки кўрсатмасликни овоз бериш йўли билан ҳал қилди. Охирида террорчиларга қаршилик кўрсатиш қарори қабул қилинди. Бунинг натижасида террорчилар самолётни белгиланган мўлжалда эмас, балки йўлда қулатишга мажбур бўлди. Шу тариқа учинчи самолёт Оқ уйга етиб бормай, Пенсильвания штатидаги Шанксвиллдаги майдонга қулади. Самолётдаги барча 44 нафар одам ҳалок бўлди.

Пентагон после атаки 11 сентября

Пентагон томон отилган “жонли бомба”

АҚШ Мудофаа вазирлиги жойлашган бино террорчиларнинг мўлжалига айланди. Даллас номидаги Вашингтон халқаро аэропортидан ҳавога кўтарилган тўртинчи самолётнинг кейинги манзили Лос-Анжелес бўлиши керак эди. Бироқ, бортида 64 киши бўлган самолёт Пентагоннинг ғарбий қисмига келиб урилди. Бортдаги барча, бундан ташқари вазирликнинг 125 ходими ҳам ҳалок бўлди. Пентагонга қилинган ҳужум эгизак биноларга қилинган ҳужум соясида қолиб кетди. Бироқ, Президент Буш айнан Пентагон учун кўпроқ қайғурган, сиқилган.

“Биринчи ракета – ҳалокат эди. Иккинчиси эса ҳужум, лекин учинчиси энди уруш эълон қилиш”, деган эди Буш.

Буш ҳақ бўлиб чиқди. Ушбу терактлар ортида тез орада АҚШ тарихида энг узоқ – 20 йил давом этган халқаро террорчиликка қарши уруш бошланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1533

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг