Алиев жосуслик айблови билан қамалган французни афв этди

Олам

image

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев мамлакатда жосуслик айблови билан 10 йилга озодликдан маҳрум этилган франциялик тадбиркор Мартен Райанни афв этди. Тегишли фармон Озарбайжон етакчисининг сайтида эълон қилинди.

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни “Financial Times” газетаси ўз манбаларига таяниб, Франция ҳокимияти Озарбайжон босими остида ўзбек-рус олигархи Алишер Усмоновга нисбатан Европа Иттифоқи санкцияларини бекор қилишга уринаётгани ҳақида мақола эълон қилган. Нашр маълумотларига кўра, санкцияларни олиб ташлаш Озарбайжонда ҳибсга олинган Франция фуқароларини озод қилиш бўйича келишувнинг бир қисми бўлган.

Уч нафар Европа мулозими FT’га маълум қилишича, Франция ва Словакия Владимир Путин режими билан боғлиқ 2600 та жисмоний ва юридик шахсга нисбатан санкцияларни узайтиришга вето қўйиб, ушбу рўйхатдан Усмоновни чиқариб ташлашни талаб қилган.

Кеча, 22 сентябрь куни Европа Иттифоқи Кенгаши Россия жисмоний ва юридик шахсларига қарши санкцияларни яна уч йилга узайтиришни маъқуллагани, шу билан бирга Алишер Усмонов ва Михаил Фридманни санкциялар рўйхатидан чиқариб ташлагани маълум бўлди. FT манбаларига кўра, Люксембург Фридманга нисбатан санкцияларни бекор қилишни сўраган.

Мартен Райан 2023 йилнинг декабрида Озарбайжонда Франция махсус хизматлари фойдасига жосуслик қилишда айбланиб қўлга олинган. 2026 йилнинг мартида у 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Алиев бугун, 23 сентябрь куни имзолаган фармони билан жами 20 кишини афв этган. Улар орасида 2024 йилнинг декабрида Бакуда ҳукм ўқилган Россия ва Исроил фуқароси Кирилл Михайлов ҳам бор.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи россиялик миллиардерлар Алишер Усмонов ва Михаил Фридманни санкциялар рўйхатидан чиқаришга келишгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг