Алиев ва Пашинян “бўзчининг мокисидек” Москвага қатнашдан чарчамади. Қорабоғ можароси ҳал бўладими?
Таҳлил
−
31 Октябрь 2022
7156Бугун, 31 октябрь куни Россия раҳбари ташаббуси билан Сочида Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасида уч томонлама музокаралар ўтказилиши режалаштирилган. Кремль матбуот хизмати хабарига кўра, уч давлат раҳбарлари 2020 йил 9 ноябрь, 2021 йил 11 январь ва 2021 йил 26 ноябрдаги “Транскавказда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича кейинги қадамлар”ни белгиловчи келишувларнинг бажарилишини кўриб чиқишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, музокараларда савдо-иқтисодий ва транспорт алоқаларини тиклаш ва ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Хўш, бугунгача томонлар ўртасидаги учрашувлар қандай ўтган? Унда нималарга келишилган?
Тоғли Қорабоғ можароси
1990-йиллар бошида минтақа қуролли можаро билан қамраб олинганди: Арманистон Озарбайжонга қарши агрессив ҳарбий ҳаракатларини бошлади, бу билан Озарбайжон ҳудудларини босиб олишга оид азалий режаларини амалга оширишга киришди. Мазкур режанинг марказий қисми Қорабоғни Озарбайжондан бир томонлама ажратиб олиш ва уни Арманистон таркибига қўшиб олиш бўлган. Натижада Арманистон мазкур минтақани, жумладан, Хўжали ва Озарбайжоннинг бошқа еттита туманини ишғол этди. Ушбу агрессиянинг оқибати сифатида уруш 30 минг инсоннинг бошига етди. Бир миллионга яқин озарбайжонликлар қочоққа ва мажбурий кўчманчига айланди, минглаб одамлар дом-дараксиз йўқолди.
1991 йил 2 сентябрда Тоғли Қорабоғ Республикаси (БМТга аъзо бирорта давлат томонидан тан олинмаган – таҳр.) СССР таркибида эълон қилинди. 1992-1994 йиллардаги қуролли можаролар пайтида Баку Қорабоғ ва унга туташ етти вилоят устидан назоратни йўқотди.
Баҳсли ҳудуд атрофидаги вазият 2020 йил 27 сентабрда, у ерда фаол ҳарбий ҳаракатлар бошланган пайтда кескинлашган. 2020 йил 9 ноябрь куни Россия, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ва Никол Пашинян томонидан можаро ҳудудида ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатишга эришиш имконини берган уч томонлама баёнот имзоланди. Унда Озарбайжон ва Арманистон томонлари ўз позицияларида тўхташлари, бир қатор вилоятлар Баку назоратига ўтиши, Россия тинчликпарвар кучлари эса ўзаро тўқнашув чизиғи ва Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилиши назарда тутилган.
Музокаралар жараёни
Можарони ҳал қилиш бўйича музокаралар жараёни 30 йилдан ортиқ вақтдан бери давом этмоқда. Музокаралар Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларининг икки томонлама учрашувлари форматида ҳам, Россия Федерацияси Президенти иштирокидаги уч томонлама форматда ҳам, бошқа воситачилар, жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Минск гуруҳи (Россия, АҚШ, Франция, Беларусь, Германия, Италия, Швеция каби 12 та давлат вакиллари) вакиллари иштирокида ҳам олиб борилмоқда..
Уч давлат раҳбарларининг учрашувлари статистикаси
2008 йилдан буён Россия, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларининг можароларни тартибга солиш масаласи бўйича 15 та уч томонлама учрашувлари ўтказилган. Улардан 13 таси Россияда, биттаси Молдовада, яна бир учрашув (2020 йилда) онлайн тарзда ташкил этилган.
2008 йилдан 2012 йилгача музокараларда Россия томонидан Президент Дмитрий Медведев, 2014 йилдан бери эса Владимир Путин иштирок этган. 2008-2016 йилларда Арманистон томонидан учрашувларда республика Президенти Серж Саркисян иштирок этди. 2018 йилда Арманистон конституциясига киритилган тузатишлар кучга кирди, унга кўра, Бош вазир бошчилигидаги ҳукумат мамлакатнинг олий ижро этувчи органи ҳисобланади. Шу муносабат билан музокараларда Арманистон номидан Бош вазир Никол Пашинян қатнаша бошлади. Уч томонлама учрашувларда Озарбайжондан республика Президенти Илҳом Алиев вакиллик қилмоқда.
2008-2016 йиллардаги учрашувлар хронологияси
2008 йил 2 ноябрда Дмитрий Медведев ташаббуси билан Россия давлати раҳбари иштирокида Майендорф қасрида Илҳом Алиев ва Серж Саркисян ўртасида учрашув бўлиб ўтди, унинг якунлари бўйича зиддиятни ҳал қилиш борасида декларация имзоланди. Бу Тоғли Қорабоғ масаласи бўйича 15 йиллик музокаралар давомида можарода иштирок этаётган давлатлар вакиллари ўз имзоларини қўйган биринчи ҳужжат эди. Декларацияда Президентлар ЕХҲТнинг воситачилик саъй-ҳаракатлари муҳимлигини таъкидладилар ва тинчлик йўли билан келишувга эришиш қонуний кучга эга халқаро кафолатлар билан бирга бўлиши кераклигини яна бир бор тасдиқладилар.
2009 йил 4 июнь куни Санкт-Петербургда Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида Серж Саркисян ва Илҳом Алиев Дмитрий Медведев иштирокидаги норасмий кечки овқатда Тоғли Қорабоғ можаросини тартибга солиш бўйича икки томонлама, кейин эса уч томонлама музокаралар ўтказдилар.
2009 йил 17 июлда Россия Президенти соврини учун кураш учун Москвага келган Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари Тоғли Қорабоғдаги можарони тинч йўл билан ҳал этиш масаласини муҳокама қилишди. 18 июль куни Алиев ва Саркисян Дмитрий Медведев билан уч томонлама учрашув ўтказди. Уч давлат раҳбарлари “Тоғли Қорабоғ муаммосини ҳал қилишнинг кейинги йўлларини конструктив муҳокама қилишга” тайёр эканликларини маълум қилишди.
2009 йил 9 октабрда Кишинёвда бўлиб ўтган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги саммити доирасида Дмитрий Медведев Илҳом Алиев ва Серж Саркисян билан музокаралар ўтказди. Суҳбат ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди, унинг натижалари ошкор этилмади.
2010 йил 25 январда Сочида Россия, Арманистон ва Озарбайжон Президентлари ўртасидаги музокараларда томонлар Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал қилишнинг мунозарали тамойилларини шакллантиришни ёзма равишда расмийлаштиришга келишиб олдилар.
2010 йил 17 июнь куни Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида Россия, Арманистон ва Озарбайжон президентларининг навбатдаги уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди.
2010 йил 27 октябрда Дмитрий Медведев Астраханда Илҳом Алиев ва Серж Саркисян билан учрашди. Музокаралар якунлари бўйича ЕХҲТ Минск гуруҳи ҳамраислари ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси кўмагида ҳарбий асирларни алмашиш ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини қайтаришни назарда тутувчи ишончни мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги махсус декларация қабул қилинди.
2011 йил 5 март куни Сочида бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича уч давлат раҳбарлари Тоғли Қорабоғ муаммосини ҳал қилиш бўйича қўшма баёнот қабул қилдилар. Хусусан, томонлар ҳарбий асирларни алмашишни имкон қадар тезроқ якунлашга келишиб олдилар. Бундан ташқари, ҳужжатда барча баҳсли масалаларни тинч йўл билан ҳал қилиш ва сулҳ чизиғи бўйлаб юзага келиши мумкин бўлган ҳодисаларни томонлар иштирокида, ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ҳамраислари шафелигида томонлар иштирокида ЕХҲТ Амалдаги раисининг махсус вакили кўмагида текшириш истаги борлиги таъкидланган.
2011 йил 24 июнь куни Қозонда уч давлат раҳбарлари Тоғли Қорабоғ муаммосини тартибга солишнинг асосий тамойиллари лойиҳасини келишиш бўйича ишларнинг боришини кўриб чиқдилар. Музокаралар натижасида томонлар қўшма баёнот қабул қилди ва позицияларни яқинлаштириш учун умумий нуқталарни излашни давом эттиришга келишиб олди.
2012 йил 23 январь куни Сочида Дмитрий Медведев, Илҳом Алиев ва Серж Саркисян Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал қилишнинг кейинги йўлларини муҳокама қилган. Учрашув якунлари бўйича давлат раҳбарлари Қўшма баёнот қабул қилди.
2014 йилнинг 10 август куни Сочида Серж Саркисян ва Илҳом Алиев ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Музокараларда Владимир Путин ҳам иштирок этди. Томонлар яқин келажакда Тоғли Қорабоғ можаросинимуроса ва тинч йўл билан ҳал қилишга умид билдирди.
2016 йилнинг 20 июнь куни Россия, Озарбайжон, Арманистон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев, Серж Саркисян ўртасида Санкт-Петербургда матбуот учун ёпиқ музокаралар бўлиб ўтди. Улардан аввал Россия давлати раҳбари билан Серж Саркисян ва Илҳом Алиев ўртасида икки томонлама мулоқотлар бўлиб ўтди. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг сўзларига кўра, уч томонлама учрашув якунлари бўйича баёнотга келишиб олинди, унда мамлакатлар етакчилари Тоғли Қорабоғдаги тўқнашув чизиғидаги вазиятни нормаллаштириш тарафдори эканликларини тасдиқладилар, шунингдек, можаро ҳудудида ЕХҲТ кузатувчилари сонини кўпайтиришга келишиб олдилар
Кейинги бир неча йил ичида уч томонлама учрашувлар бўлмади. Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари икки томонлама форматда, асосан, турли саммитлар ва халқаро форумлар доирасида учрашдилар.
2020-2021 йилларда музокаралар жараёнини давом эттириш
2020 йил 9 ноябр куни Владимир Путин, Илҳом Алиев ва Никол Пашинян видеоконференция орқали 10 ноябрь Москва вақти билан соат 00:00 дан бошлаб Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзоладилар. Эришилган келишувларга кўра, Озарбайжон ва Арманистон томонлари ўз позицияларида тўхтаб, минтақага Россия Федерациясининг тинчликпарвар кучлари киритилди. 2020 йил декабригача тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси атрофидаги бир қатор вилоятлар, жумладан, Калбажар, Ағдам ва Лочин Баку назорати остига ўтди. Маҳаллий арман аҳолиси уйларини ташлаб, Арманистон ва тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси назорати остидаги ҳудудларга кўчиб ўтган.
2021 йил 11 январь куни Россия раҳбари ташаббуси билан Кремлда Путин, Алиев ва Пашинян ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Томонлар Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни амалга ошириш жараёнини кўриб чиқдилар ва минтақада мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилдилар. Қарийб тўрт соат давом этган учрашув якунида Тоғли Қорабоғда янги инфратузилма лойиҳалари бўйича қўшма баёнот имзоланиб, уларни амалга ошириш бош вазир ўринбосарлари даражасидаги уч томонлама ишчи гуруҳга топширилди.
2021 йил 26 ноябрь куни Россия давлати раҳбари ташаббуси билан Сочида Путин, Алиев ва Пашинян ўртасида уч томонлама музокаралар бўлиб ўтди. Учрашув Тоғли Қорабоғ можароси ҳудудида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги баёнот имзоланганининг бир йиллигига тўғри келди. Музокаралар салкам уч соат давом этди ва натижада қўшма баёнот қабул қилинди. Путин, Алиев ва Пашинян Озарбайжон-Арманистон чегарасида барқарорлик ва хавфсизлик даражасини ошириш чораларини кўришга келишиб олди. Учрашувнинг асосий натижаси мамлакатлар ўртасидаги чегарани демаркация ва делимитация қилиш механизмини яратиш тўғрисидаги қарор бўлди. Россия Федерацияси маслаҳат ёрдамини кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Бундан ташқари, Россия давлати раҳбари Озарбайжон Президенти ва Арманистон Бош вазири билан алоҳида учрашувлар ўтказди.
Озарбайжон ва Арманистон можаросидан манфаатдор томонлар орасида АҚШ ва Франция ҳам бор. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен бугун, 10 октябрь куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан телефон суҳбатида Ереван ва Баку муаммони ҳал қилиш учун чоралар кўраётганини олқишлади.Блинкен Озарбайжон ва Арманистон томонидан барқарор тинчлик келишувларига эришиш йўлидаги ижобий қадамлар, жумладан, Ташқи ишлар вазирлари вайетакчилар ўртасида яқинда ўтказилган тўғридан-тўғри музокаралар учун ўз миннатдорчилигини билдирган. У Озарбайжоннинг 4 октябрь куни 17 ҳарбий асирнинг озод қилинишини мамнуният билан қабул қилган ва шунингдек, Президент Алиевни “тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш” учун чоралар кўришни давом эттиришга чақирган.
Давлат котиби Қорабоғ аҳолисининг ҳуқуқлари ва ҳимоясини муҳокама қилиш муҳимлигини, шунингдек, узоқ муддатли тинчликка эришишнинг ягона йўли сифатида ҳар икки томон ўт очишни тўхтатиш режимини сақлаб қолиш ва музокаралар йўли билан келишувга эришишга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган.
Шунингдек, ўша куннинг ўзида Блинкен, Арманистон Бош вазири Никол Пашинянга ҳам қўнғироқ қилган. Томонлар Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги вазиятни муҳокама қилган ҳамда Ереван ва Баку ўртасида тинчлик битимини ишлаб чиқиш муҳимлиги ҳақида келишиб олган.
Суҳбатдошлар БМТ Низоми ва 1991 йилдаги Олмаота декларацияси асосида Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик шартномасини ишлаб чиқиш, шунингдек, чегарани демаркация қилиш ва Арманистон-Озарбайжон чегарасида Европа Иттифоқи фуқаролик миссияси фаолиятини таъминлаш бўйича ишларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидладилар”, Арманистон Вазирлар Маҳкамаси хабарида.
Иккинчи Қорбоғ уруши
2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланган урушда ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
Тинчлик келишуви
6 октябрь куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Чехия пойтахти Прагада Европа сиёсий ҳамжамиятининг биринчи саммити доирасида Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Европа кенгаши раиси Шарль Мишель иштирокида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан учрашди.
Учрашувда Европа Иттифоқи Озарбайжон билан чегарасини делимитация қилишда ёрдам бериш учун Арманистонга миссия юборишига келишилди.Шунингдек, учрашувдан кейин Арманистон октябрь ойи охирида Брюсселда Озарбайжон билан давлат чегарасини делимитация қилиш бўйича комиссия йиғилиши ўтказилишини маълум қилди.
Илҳом Алиевнинг айтишича, Баку ва Ереван ўртасида тинчлик шартномаси шу йил охиригача имзоланиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, келишув бўйича ташаббуслар осонлик билан олға силжаётгани йўқ, бироқ келишувга умид бор.
Можарода Франциянинг иштироки
Франция Президенти Эммануэль Макроннинг айтишича, Россия Кавказ минтақаси ва ундан ташқарида вазиятни беқарорлаштириш мақсадида Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги сўнгги тўқнашувларни атайлаб қўзғатяпти.
Франция, АҚШ ва Россия Қорабоғ можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш йўлларини излаш ваколатига эга Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Минск гуруҳига ҳамраислик қилувчи давлатлардир.
Эммануэль Макрон сўнгги ойларда Москва Озарбайжон фойдасига кескинликни кучайтирганини айтди.
“Охирги иккиОзар йил давомида чегарада нима бўлди? Чегарани гўёки 5000 нафар рус аскари қўриқлаётган бўлса, руслар кўп асрлик тўқнашувдан фойдаланиб, Туркиянинг шериклиги билан Озарбайжон фойдасига ўйнади ва ўзлари яқин бўлган Арманистонни заифлаштиришга қайтди”, дейди Макрон.
Унинг қайд этишича, Россия шу йўл билан минтақадаги вазиятни беқарорлаштирмоқчи.
“Нима бўлаётганини кўряпсизми? Бу Россиянинг вазиятни беқарорлаштиришга уриниши. У ҳаммамизни беқарорлаштириш учун Кавказда тартибсизлик яратмоқчи”, дейди Франция раҳбари.
Юқоридагиларга нисбатан Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигининг жавоб қилишича, Франция раҳбарининг расмий Бакуга қарши қўйган айбловлари унинг холислигини шубҳа остига қўяди ва жиддий саволлар туғдирмоқда. Озарбайжоннинг минтақада тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш, Арманистон билан халқаро ҳуқуқ тамойилларини ҳурмат қилиш асосидаги муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари фонида Франциянинг бир томонлама позицияси ва асоссиз айбловлари бизни ушбу мамлакатнинг воситачилик ҳаракатларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь