Алиев Эрдўғаннинг таклифини рад этди. У Анқарага бормайди

Олам

−

image

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев “иш жадвалининг тиғизлиги сабабли” жорий йилнинг 29–30 октябрь кунлари Туркияда бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) саммитида иштирок этмайди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Report” хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, эртага, 30 октябрь куни Алиев Бакуда илк бор ўтказилаётган FIFA U-15 Жаҳон чемпионати ва фестивали финалчиларини тақдирлаш маросимида қатнашади.

“30 октябрь куни турнирнинг финал ўйини ва расмий ёпилиш маросими бўлиб ўтади. Давлат раҳбарининг тақдирлаш маросимида иштирок этиши аввалдан режалаштирилган эди”, деб қайд этган манба.

Президент топшириғига кўра, ТДТ саммитида Озарбайжон номидан Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов иштирок этади. Озарбайжон вакиллари саммит доирасидаги бошқа тадбирларда ҳам фаол қатнашади.

Қайд этиш жоиз, сўнгги вақтларда Баку ва Анқара ўртасидаги муносабатларда муайян совуқлик кузатилмоқда. Озарбайжон Вазирлар Маҳкамаси сентябрь ойида давлат мактаблари ўқувчиларининг ташқи кўринишини тартибга солувчи қоидаларга ўзгартиришлар киритди. Янги қоидалар ўқувчиларга ягона форма стандартини бузадиган ёки таълимнинг дунёвий хусусиятига мос келмайдиган кийим элементларини кийишни тақиқлайди.

Ушбу қарорга жавобан Туркия ҳукмрон партиясининг бир қатор вакиллари Баку шаънига кескин баёнотлар билан чиқди ва ушбу қарорни қайта кўриб чиқишга чақирди.

Ўз навбатида, Озарбайжоннинг ҳукмрон “Янги Озарбайжон” партияси (YAP) Туркиянинг ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси (AKP) вакилларини Баку ва Анқара муносабатларига зарар етказиши мумкин бўлган баёнот ва ҳаракатлардан тийилишга чақирди. Баку Туркия ҳукмрон доираларининг ҳаракатларини Озарбайжоннинг ички ишларига аралашув сифатида баҳоламоқда.

Бундан ташқари, Озарбайжон Бош прокуратураси ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга ва диний адоватни қўзғатишга даъват қилгани учун Туркиянинг саккиз нафар фуқаросини халқаро қидирувга берди.

Озарбайжон ТИВ ўз навбатида Туркиянинг 31 нафар фуқаросини “номақбул шахслар” рўйхатига киритди ва уларнинг мамлакат ҳудудига киришини тақиқлади. Ушбу шахсларнинг ижтимоий тармоқлар ва интернет-платформаларда Озарбайжон суверенитети, миллий хавфсизлиги, конституциявий тузуми, халқи ва раҳбариятига қарши қаратилган баёнотлари бунга асос бўлди. Бундан ташқари, уларнинг чиқишларида ҳокимиятни зўравонлик билан ўзгартиришга ва радикализм заминида диний адоватни қўзғатишга даъватлар мавжуд бўлган. “Номақбул шахслар” рўйхатига журналистлар, блогерлар, турли телеканаллар бошловчилари, сиёсатшунослар, сиёсатчилар ва иқтисодчилар киритилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни Анқарада бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммитига таклиф қилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг