Аламли якун ёхуд Абдусатторовни “тоблаган” турнир хулосалари
Спорт
−
30 Январь 2023
8331Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳри мезбонлик қилган нуфузли “Tata Steel Chess-2023” халқаро турнири якунланди. Мусобақанинг аксарият қисмини пешқадам сифатида ўтказган ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов сўнгги, 13-турда мезбон Ван Форестга қарши дона суриб, мағлубиятга учради ва 2-ўрин билан кифояланди.
Абдусатторов охирги турда мағлубиятга учраган бўлса ҳам, унинг натижаси Ўзбекистон шахмати учун тарихий аҳамият касб этади, чунки шу вақтга қадар ҳеч бир ўзбекистонлик шахмат устаси мазкур турнирда совриндор бўлмаган.
“Challenger” гуруҳида баҳсларга киришган ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоров сўнгги турда мезбон Томас Бердсенга қарши дона сурди. Оқ доналарда устунликни қўлга олган Синдоров якунда ғалаба қайд этиб, мусобақада 3-ўринни эгаллади. Синдоров умумий 13 имкониятдан 8,5 очко жамғарди. Турнир давомида Жавоҳир фақатгина бир марта мағлубиятга учради.
Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси Алишер Саъдуллаев ўзбек ўглонларининг халқаро турнирдаги иштирокига ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали муносабат билдирди.
“Нодирбек биз учун ғалабага тенг ўйин кўрсатди. Бу турнир унга жуда катта ҳаётий тажриба бериши аниқ. Турнир ғолиби Аниш Гири ҳам чемпион бўлгунига қадар 5 маротаба 2-ўринни олган экан, мана чемпионларнинг характери. Нодирбек ёш бўлишига қарамасдан тенгдошларига қараганда анча залворлироқ тарих ёзмоқда. Умид қиламизки, Нодирбек юртдошлари ҳар қандай натижага қарамасдан у билан фахрланишини доим ҳис қилиб турди. Баракалла, Нодирбек!” деб ёзиб қолдирган Саъдуллаев ўз Telegram-саҳифасида.
Таъкидлаш жоизки, Абдусатторов нуфузли турнирда амалдаги жаҳон тождори норвегиялик Магнус Карлсенни ҳам мағлубиятга учратиб, дунё шахмати мутасаддиларини лол қолдирди.
Ҳуқуқшунос Хушнудбук Худойбердиев ҳам ўзбек шахматчиларининг мусобақа давомида ҳар бир турдаги иштирокига ўз муносабатини билдириб ўтди.
“Афсуски, Нодирбек мағлуб бўлди. Аниш Гири “Tata Steel Chess-2023” турнири Masters гуруҳи чемпиони бўлди”.
Хўш, ҳиссиётлар 2 хил:
1) Турнирнинг бошидан токи охирги туригача етакчи бўлиб, энг охирида чемпионликни қўлдан бергани, албатта, бироз аламли бўлди;
2) Аммо хурсанд қиладиган томони, Нодирбек ушбу турнирнинг асосий қаҳрамони бўлди. Бутун дунёдаги шахмат олами янги шахмат қироли етишиб келаётганини кўриб, эътироф этди. Магнус Карлсенни таслим қилди. Энг қимматли рейтинг очколарини қўлга киритди. Дунёнинг ТОП-20 шахматчиси таркибига кирди.
Умуман олганда Нодирбек ушбу турнирдан сўнг дунёнинг элита шахматчилар қатламига киргани тан олинди.
Солиштирсак, хафагарчиликдан кўра, хурсандчилик кўпроқ.
Охирги турдаги мағлубият эса кўпроқ ёшга доир психология билан боғлиқ, менимча. Бу хатолар, бу аламлар эса тажриба учун жуда керак.
Хуллас, Нодирбек, баракалла! Ота-онангга, устозларингга минг раҳмат! Жаҳон тожини кийганингни кўриш насиб қилсин, илоҳим”, дея Хушнудбек Худойбердиев ўз мулоҳазаларини кузатувчилар билан бўлишди.
Иқтидорли шахматчи Жавоҳир Синдоров ва рапид йўналишида шахмат тарихида энг ёш жаҳон чемпиони ҳисобланган Нодирбек Абдусатторовнинг нуфузли турнирдаги иштироки бўйича таниқли спорт шарҳловчиси Даврон Файзиев ҳам ўз фикрларини билдирди.
“Шахмат бўйича Вейк-ан-Зее турнири тугади. Нодирбек Абдусатторов охирги турда имкониятни бой берди ва иккинчи ўринга тушиб қолди. Шундай бўлса ҳам, истеъдодли шахматчимизни дунё гроссмейстерлари элитаси орасида кумуш медалга эга чиққани зўр натижа! Нодирбек ТОП! Жавоҳир Синдоров “Challenger” лигасида сўнгги турда ғалаба қозонди ва учинчи ўринни банд этди. Бу ҳам яхши кўрсаткич. Иккисини ҳам табриклаймиз!” дейди Даврон Файзиев.
Абдусатторов “Tata Steel Chess-2023” турниридаги муносиб иштирокидан ташқари, кўпгина бошқа нуфузли мусобақаларда ҳам яхши натижалар қайд этганидан хабарингиз бор. Келинг, унинг натижаларини яна бир бор эслатиб ўтамиз.
- “Sharjah Masters-2022” халқаро турнирида 1-ўрин;
- Рустам Қосимжоновнинг 25 йиллик етакчилигига чек қўйиб, Ўзбекистоннинг рейтинги энг юқори шахматчисига айланди;
- Ўзбекистон терма жамоаси таркибида (1-тахта) Жаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони;
- Рустам Қосимжоновдан сўнг рейтинг бали 2700 дан ошган ўзбекистонлик иккинчи шахматчи бўлди.
Шунингдек,
- “Мард ўғлон” давлат мукофотига сазовор бўлди;
- “Ўзбекистон” телерадиоканали “Йил фаоли – 2022” танловида “Йилнинг энг яхши спортчиси” деб топилди;
- “Tata Steel Chess-2023” мусобақасида Магнус Карлсенни мағлуб этиб, Михаил Чигорин клуби (классик шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпионини расмий мусобақаларда камида бир марта мағлуб этган шахматчилар рамзий клуби) аъзоси бўлди;
- Тигран Петросян клуби (классик шахмат бўйича амалдаги рейтинги энг юқори бўлган шахматчини расмий мусобақаларда камида бир марта мағлуб этган шахматчилар рамзий клуби) аъзоси бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, ўзбек шахматида Абдусатторов фонида янги эра бошланди. Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидов, Нодирбек Ёқуббоев каби шахмат усталарининг халқаро турнирлардаги муносиб иштирокини ҳам қўшимча қилган ҳолда айтишимиз мумкинки, ўзбек шахмати ишончли қўлларда!
QALAMPIR.UZ’да воқеалар ривожини кузатиб боринг!
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь