Аксилмонополия қўмитасига авиачипталар қимматлиги бўйича сенатор сўрови юборилди

Жамият

image

Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитасига бўйича сенатор сўрови юборилди. Бунга мамлакат ҳудудида хорижга парвозлар учун авиачипталар нархининг қимматлиги туртки бўлган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Унда ёзилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши натижасида фуқаро авиаташувлари, шу жумладан, ердаги инфратузилмадан фойдаланишда ҳаддан зиёд монополлашувга барҳам берилди. Бироқ аҳоли билан мулоқотларда фуқаролар томонидан билдирилаётган асосли эътирозлар, жойлардаги ўрганишлар ҳамда мавжуд аҳвол айрим йўналишлар учун авиачипталар нархининг ҳаддан зиёд юқорилигини кўрсатмоқда.

Жумладан, бугунги кунда парвоз вақти 1 соат 10 дақиқа бўлган Тошкент – Олмаота йўналиши бўйича авиачиптанинг нархи фақат бир тарафга 4 млн 700 минг сўмни ташкил қилмоқда. Холбуки, парвоз вақти 3 соат 40 дақиқадан иборат Тошкент – Москва йўналиши бўйича авиачипта нархи 4 млн 200 минг сўм, Тошкент – Рига йўналиши бўйича 2 млн 800 минг сўм (парвоз вақти – 5 соат 30 дақиқа), Тошкент – Нью Йорк йўналиши бўйича эса 6 млн 500 минг сўм (парвоз вақти –  12 соат) этиб белгиланган. Самолётлар турлари эса деярли бир хил.

“Кўриниб турибдики, парвоз вақти 1 соат 10 дақиқа бўлган Тошкент–Олмаота йўналиши бўйича авиачиптанинг нархи ундан бир неча соат кўп парвоз қилинадиган йўналишлар учун белгиланган нархлардан сезиларли даражада юқоридир. Ушбу “тушунарсиз ҳолат” фуқаролар учун қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда”, дейилади сўровда.

Шунингдек, ёзилишича, аҳоли билан жойларда ўтказилган мулоқотлар ва тегишли таҳлиллар шуни кўрсатдики, масъуллар нарх белгилашда фуқаролар тушиб қолган танловсиз, мураккаб вазиятдан инсофсизларча фойдаланмоқда. Зотан, Қозоғистонга чегарадан пиёда ёки автотранспорт воситасида ўтишга Қозоғистон томонидан пандемия сабабли тақиқ қўйилган ва бизнинг масъуллар ана шундай шароитда фуқаролар мажбурлигидан ҳам қиммат нархда чипта сотиб олаверади, деган ишонч билан ўз юртдошларининг манфаатларига зид ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик) қилмоқда.

Оқибатда ишлаш ёки бошқа мақсадларда қўшни Қозоғистонга кетаётган фуқароларимиз яна асоссиз ва ортиқча харажат қилишга мажбур бўлмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Тошкент – Олмаота йўналиши бўйича авиачипталар ҳаддан зиёд юқори нархда сотилаётганини ўрганиб чиқиш ва натижаси борасида маълумотларни тақдим этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Шоҳруҳ Шораҳметовга сенатор сўрови юборилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

77

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг