Амалдорларнинг ўзи янги қонун қариндош-уруғчиликни йўқ қилишига ишонадими?
Жамият
−
07 Июнь
11643Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 5 июнь куни “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунни имзолаган эди. Бугун, 7 июнь куни ушбу қонуннинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва унга оид янгиликлар ҳақида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ журналисти воқеа жойидан хабар берди.
Учрашувда QALAMPIR.UZ журналисти “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун қайси даражагача ишлаши, бу ҳужжат амалда Сенат, Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Суд тизими каби “гигант” ташкилотларга ҳам кучи етишига ким кафолат бериши ҳамда қонуннинг амалда тўлиқ ишлашига қонунни ишлаб чиққан ташкилот раҳбарининг ўзи ишониш-ишонмаслиги ҳақида мутасаддиларга савол билан мурожаат қилди.
Саволга жавоб берар экан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов ушбу қонун мутлақ юқори лавозимдаги ҳокимлик, ҳукумат, парламент аъзоларига, Президент администрацияси каби ҳамма юқори органларга ҳам татбиқ этилишини кафолатлади, қолаверса, бу ҳарбийларни ҳам четлаб ўтмаслигини билдирди.
“Шунинг учун ҳам биз бунинг рўйхатини шакллантирамиз. Бу ерда “Давлат фуқаролик хизмати” тўғрисидаги қонундан фарқли ўлароқ бу қонун давлат органлари ташкилотларига, 28 мингта идорага, барчага татбиқ этилади. Рўйхатга максимал даражада барчани киритамиз”, дейди Бурҳонов.
Қабул қилинган қонун амалда ишончни оқлаши, ишлаш-ишламаслигига тўхталган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори “Давлат фуқаролик хизмати“ тўғрисидаги қонун тўлиқ ишламаётганини, бу каби ҳужжатлар борлигини қайта таъкидлади ва бу каби қонунларнинг ишламаётганига сабаб қилиб қонуности ҳужжати қабул қилинмагани ва техник сабабларни кўрсатди.
“Мени хурсанд қилган томони шундаки, бу қонуннинг кучга кириши учун 6 ой вақт берилгани. Бу ҳамма саволга жавоб бўлади. Кўпчиликда савол бўлди: нима учун 6 ой вақт берилди, яна атайлаб чўзиляптими? Мақсад бу эмас. Мақсад мана шу қонун кучга кирганидан ишлаши керак. Эртага ҳеч қанақа савол қолмаслиги керак, айниқса давлат хизматчисига. Чунки бу кучга киргунча жуда кўп ҳолатлар бор. Бугунги кунда шу бўйсинувда ишлаётган ҳолатлар бор. Биз энди уларни ротация қилишга, яъни қонун кучга киргунча бошқа жойда ишлашига мажбурлаймиз. Шунинг учун ишонч бўладими, яъни амалда ишлайдими, деган саволингизга 6 ой вақт берилганини, иккинчидан, самарали ишлаши учун алоҳида қарорлар қабул қилинганини келтириш мумкин.
Президентимиз нима учун бу қонунни имзолаши кечиктирди? Айнан мана шу қарорлар ишлаб чиқиш, тўлиқ ишлаши учун комиссия аъзоларига кимларни қўшишимиз, нима ишларни амалга оширишимиз пунктма-пункт ёзиб чиқилди” , дейди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов.
LiveБарчаси