“Акаликда отамдек акам” ёхуд ўзбек спортидаги ака-укалар

Спорт

Боксда Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, футболда Одил Аҳмедов, MMA'да эса Нурсултон Рўзибоев каби номларни нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳонда ҳам яхши танишади, чунки юқорида номлари келтирилганлар аввало спортдаги яхши натижаси ўлароқ, шу билан бирга шахсий ҳаёт ва доимий шов-шувлар қуршовида юриши билан ҳам танилган.

Эътиборлиси, Одил Аҳмедов, Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, Нурсултон Рўзибоев ва Ҳасанбой Раҳимовлар оиласидан яна бир нафардан вакил акалари танлаган йўлдан юриб, спортда ўз омадини синаб кўришга қарор қилган. Ҳозирча укаларда натижалар акалариники каби мақтанарли ва салмоқли эмас. Бу бир тарафдан ёш билан боғлиқ бўлса, бир томондан шахсий характер ва дунёқараш билан уйқаш ҳолат бўлиши мумкин. 

Одил Аҳмедов (ЎФА-вице президенти) – Азим Аҳмедов (Навбаҳор ПФК аъзоси)

Одил Аҳмедовнинг футболчилик фаолияти билан кўпчилик яхши таниш. У Ўзбекистон миллий терма жамоасини Жаҳон чемпионатига олиб чиқишни барча футболчилардан кўпроқ хоҳлаганди. Майдон марказидаги ишончли ўйини билан нафақат терма жамоада, балки ўзи ўйнаган ўзбек ва хориж клубларида ҳам етакчи бўла олганди. Одил Аҳмедовнинг укаси 31 ёшли Азим Аҳмедов ҳам акаси сингари яхши футболчи бўлишни мақсад қилиб, катта футболга дастлабки қадамларини Наманганнинг “Навбаҳор” клубида ташлаган. Бироқ Азим Аҳмедовнинг фаолияти акасиники каби ёрқин бўлмади. Ука 2016 йилда миллий терма жамоадан чақирув олганди. Умумий 10 та баҳсда миллий жамоа либосида кўриниш берган Азим Аҳмедов 2 та гол уришга муваффақ бўлган. Фаолиятининг аксар қисмини Наманган клубида ўтказган. Ҳозирда ҳам “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қилмоқда. Азим Аҳмедовнинг фаолиятини Одил Аҳмедовнинг карьерасига ўхшаб ёрқин бўлмаганига бир неча сабабларни келтириш мумкин. Балки, бунга футболчининг характери ҳам сабабдир. Ижтимоий тармоқларда Азим Аҳмедов ҳали бу футболчи билан тортишиб кетди, ҳали бу футболчи билан келишолмай қолди, деган хабарларга кўп кўзимиз тушади. Мисол учун, 19 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги доирасида ОКМК-“Навбаҳор” ўйинидаги эпизод орқали ҳам Азим Аҳмедовнинг тармоқ фойдаланувчилари муҳокамасида бўлди. Азим Аҳмедов яқин ўтмишда Одил Аҳмедов билан Ўзбекистон миллий терма жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилган, ҳозирда ОКМКда тўп тепаётган ҳимоячи Виталий Денисов билан тортишиб қолди. Аввало, футболни эмоциялар, тортишувлар ва баҳсли вазиятларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Баъзида асабларни жиловлаш ҳам мушкул ишга айланади. Азим Аҳмедов эса “Навбаҳор” клубининг етакчиси ва сардори. Ҳозирда Наманган клуби ОЧЛда иштирок этмоқда. Ўзбек футболи ихлосмандлари эса Азим Аҳмедов ва у тўп тепадиган “Навбаҳор” клубининг турнирда имкон қадар узоқроққа боришидан умидвор. 

Баҳодир Жалолов (Олимпиада чемпиони) – Самандар Жалолов (Ўзбекистон чемпиони) 

Ҳаваскор боксда барча титулларни қўлга киритиб бўлган Баҳодир Жалолов ҳозирда эътиборини профбоксга қаратган. 17 ноябрь куни "Big uzbek" профбоксдаги навбатдаги жангини жанубий африкалик Крис Томпсонга қарши ўтказади. Жанг Тошкентдаги Ҳумо аренаcида бўлиши режалаштирилган. Баҳодирнинг укаси Самандар Жалоловнинг ҳам ҳозирча ҳаваскор боксда қайд этаётган натижалари чакки эмас. 19 ёшли Самандар -75 кг вазн тоифасида Ўзбекистон чемпиони ҳисобланади. Шунингдек, бир нечта халқаро мусобақаларда ҳам совриндор бўлишга улгурган. Бугунги кунда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабаси ҳисобланган Самандар Жалоловнинг ҳаётдаги кумири шубҳасиз акаси Баҳодир Жалоловдир.

“Ҳаётда ҳам, жангда ҳам хато қарор қабул қилсам, ютишим керак бўлган мағлубиятга учрасам акамдан яхшигина дакки эшитаман”, дейди Самандар Жалолов.

Кичик Жалолов ўтган йили ноябрь ойида ўтказилган катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида иштирок этиб ғолибликни қўлга киритди. Эътиборлиси, финал жангларини аренадан кузатиб борган Баҳодир Жалолов укасининг жангига келганда трибунада кўринмай қолди. Ўзига нисбатан анча тажрибали бўлган Шоҳжаҳон Абдуллаевга қарши жанг қилган Самандар Жалолов чемпионликни қўлга киритди, чунки 1-раунддан кейин Абдуллаев баҳсни давом эттиришни истамади. Балки, Баҳодир Жалолов жигарининг жангларини томоша қила олмас, балки эмоция ва эҳтиросларини жиловлай олмас ёки жангни томоша қилмаганининг бошқа сабаблари бордир. Хуллас, Самандар Жалолов Ўзбекистон чемпиони ва ўйлаймизки, у келгусида керак бўлса акасидан ўтадиган кучли чарм қўлқоп устаси бўлиб етишади.  

Нурсултон Рўзибоев (UFC жангчиси) – Машрабжон Рўзибоев (турли ММА лигаларида жанглар ўтказган)

Турли MMA лигалардаги фаолиятидан сўнг шу йилнинг июнь ойига келиб Рўзибоевларнинг каттаси, яъни Нурсултон Рўзибоев дунёнинг энг нуфузли MMA ташкилоти UFC билан шартнома имзолади. Рўзибоевнинг ташкилотдаги дебюти ҳам жуда омадли бўлди. У дебют жангида UFC Vegas 76 турнири доирасида бразилиялик Бруно Феррейрага қарши октагонга кўтарилиб, 1 дақиқа 20 сонияда рақибини мағлуб этди. Рўзибоев UFC’даги 2-жангини ўз вақтида Маҳмуд Муродовни мағлубиятга учратган бразилиялик Каё Баралльога қарши ўтказиши керак эди, бироқ ўзбекистонлик жангчи жароҳати сабаб Каёга қарши октагонга чиқмайдиган бўлди. Ҳозирга келиб Нурсултон Рўзибоев жароҳатидан фориғ бўлиб машғулотларга қайтган. Нурсултон Рўзибоевнинг 27 ёшли укаси Машрабжон Рўзибоев ҳам ҳозирги кунда MMA’да фаолият юритиб келади. Нурсултон Рўзибоевнинг QALAMPIR.UZ'ga маълум қилишича, авваллари Машрабжон машина тузатиш билан шуғулланган, лекин бир-бир ММА жангларида қатнашиб турган. Ҳатто бир марта  Нурсултон Рўзибоевнинг бироз эътиборсизлиги туфайли Машрабжонга OpenFC мусобақасида жиддий рақиб дуч келиб қолган ва Машрабжон Рўзибоев оғир мағлубиятни қабул қилиб олган. Кичик Рўзибоев ММАдаги охирги жангини қирғизистонлик Нуржигит Қораевга қарши ўтказиб, техник нокаут эвазига ғалабага эришди.

Маълумот учун, Машрабжон Рўзибоев шу вақтга қадар ММАда умумий 20 та жанг ўтказиб, 17 тасида ғалаба қозонган. 3 та жангда эса имкониятни бой берган.  

Ҳасанбой Дўсматов (Олимпиада чемпиони) – Фарёзбек Дўсматов (боксчи)

Ханчжоуда ўтказилган Осиё ўйинларида ғолиб бўлиб, ҳаваскор боксдаги титуллари сонини тўлиқ кўринишга келтирган Ҳасанбой Дўсматов ўтган йили 6 ноябрь куни Россиянинг Сочи шаҳрида профессионал бокс кечасида иштирок этди. Ўша куни Ҳасанбой Жанубий Африка Республикаси вакили Сифамандла Баленига қарши рингга кўтарилиб, ғалабага эришди. Ҳасанбойнинг 18 ёшли укаси Фарёзбек Дўсматов ҳам бугунги кунда боксда фаолият олиб бормоқда. Фарёзбек 2022 йили декабрь ойида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатининг финалига қадар етиб бориб, ўзбек бокси мутахассисларининг эътиборига тушди.

Қизиғи, ўша Ўзбекистон чемпионатининг финал баҳсида Фарёзбек ўз акасига қарши рингга чиқишига тўғри келганди бироқ, кейинчалик мусобақа ҳакамлари Фарёзбекни ярим финал жангида тақиқланган зарбалардан фойдалангани учун финалдан четлатганди. Мабодо Фарёзбекка финалда қатнашишга рухсат берилган тақдирда ҳам, катта Дўсматов укасига қарши рингга кўтарилишга рад этган бўларди. Бу ҳақда спортчининг ўзи ОАВга берган интервьюларида айтиб ўтган.

Ҳасанбой Раҳимов (эркин кураш бўйича Ислом бирдамлиги ўйинлари совриндори) - Ҳусанбой Раҳимов (MMA жангчиси)

Эгизакларнинг каттаси эркин курашдаги фаолияти билан яхшигина танилиб улгурган. Ҳасанбой Раҳимов ўтган йили Ханчжоу шаҳри мезбонлик қилган Осиё ўйинларида ҳам иштирок этди, бироқ бронза медали учун баҳсда имкониятни бой берди. Шунингдек, Ҳасанбой Раҳимов Токио-2020 Олимпиадаси иштирокчиси саналади. У турли йилларда турли ёш тоифаларида Жаҳон ва Осиё чемпионатларида совриндор бўлган.

Ҳусанбой Раҳимов эса 2021 йил Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида ўтказилган MMA бўйича Марказий Осиё чемпионатида ғолиб бўлиб, спорт ишқибозлари эътиборига тушган. Эътиборлиси, ўша чемпионатда Ҳасанбой Раҳимов иштирок этиб, -120.2 кг вазн тоифасида чемпион бўлган. Ҳусанбойга эса -93 кг да тенг келадиган рақиб топилмаган.

Иккала спортчининг ОАВга маълум қилишича, ўша турнирдаги ғалабадан кейин Раҳимовларга Жаҳон чемпионатида иштирок этиши ваъда қилинган, бироқ кейинчалик турли сабабларга кўра, Ўзбекистон MMA ассоциацияси раҳбариятига алоқадор инсонлардан бири ваъдасида турмаган.  Бу ҳақда Раҳимовларнинг ўзи ижтимоий тармоқларда айтиб ўтган.

“Бизга нисбатан қилинган ишлардан сўнг, энди Ўзбекистон MMA ассоциациясининг турнирларида иштирок этмаймиз”, деган Ҳусанбой Раҳимов.

Албатта, иқтидорли спортчиларга қилинган адолатсизлик уларнинг спортдан кўнгли совишига сабаб бўлади. Бу эса ўзбек спорти ривожи учун салбий таъсир қилади. Керакли хулосани биз эмас, балки масъуллар чиқариши керак.

QALAMPIR.UZ ўзбек спортидаги барча ака-укалар, қариндошлар мавзусига яна қайтади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг