Акалар орзу йўлида, укалар эса мундиалда – Спорт дайжести
Таҳлил
−
26 Ноябрь 2023
6490Футбол ватанини доғда қолдирган ўзбекистонлик ўсмирлар, ниҳоят Тошкентда Эронга ютқазмаган терма жамоа, Суперлигада тенгсиз бўлган Ортиқхўжаевнинг “шерлар”и ва оламшумул натижа қайд этган 14 ёшли шахматчи қиз бугун эътибор марказида бўлади. Ассалому алайкум. QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.
***
21 ноябрь куни “Бунёдкор” стадионида футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг 2-саралаш босқичи доирасидан ўрин олган Ўзбекистон-Эрон ўйини якунланди. Баҳсда жанговар 2:2 ҳисоби қайд этилди.
Асабий руҳда кечган баҳс “E” гуруҳининг 2-тури доирасида ўтказилди. 1-таймда эронликлар мезбонлар дарвозасига 2 та тўп киритиб ҳисобдаги устунликни қўлига олди.
2-таймда Ўзбекиcтон миллий терма жамоасини Остон Ўрунов ва Игорь Сергеевнинг голлари мезбонларни мағлубиятдан қутқариб қолди.
Баҳс давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси таржимони Даврон Аҳмедовга қизил карточка кўрсатилди.
Икки турдан кейин Ўзбекистон Эрон бир хил, 6 очко тўплаб гуруҳда пешқадамлик қилмоқда.
***
22 ноябрь куни Индонезияда давом этаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг нимчорак финал ўйини бўлиб ўтди. Мазкур босқичда Ўзбекистон ўсмирлари футбол ватани бўлмиш Англия вакилларини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Учрашувнинг илк дақиқаларида устунликни қўлга олган Жамолиддин Раҳматуллаев шогирдлари 4-дақиқада Амирбек Саидовнинг голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб қолди. Вақт ўтиши билан инглизлар устунликни ўз тарафига оғдирди. 36-дақиқада Ндала бирга-бир вазиятдан унумли фойдаланиб ҳисобдаги мувозанатни тиклади.
Иккинчи таймнинг 67-дақиқасида Ўзбекистон сардори Лазизбек Мирзаев стандарт вазиятдан унумли фойдаланиб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Шу билан ўйинда ҳисоб ўзгармади.
Шундай қилиб, Ўзбекистон ўсмирлари Жаҳон чемпионатидаги ўзининг энг яхши натижасини такрорлади. Охирги марта 2011 йилда Алексей Евстафеев мураббийлигидаги жамоа Мексика мезбонлик қилган ўсмирлар мундиалида чорак финалга чиққанди.
Энди Ўзбекистон терма жамоаси чорак финалда Франция-Сенегал жуфтлиги ғолиби билан тўқнаш келади.
***
22 ноябрь тонгида Бразилия ва Аргентина терма жамоалари ўртасида 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичининг 6-тур учрашуви бўлиб ўтди. Рио-де-Жанейродаги “Маракана” стадиони мезбонлик қилган учрашувда мухлислар ўртасида бир қатор тартибсизликлар кузатилди.
Чилилик Перо Маса Гомес бошқариб борган ўйин старти 5:30 га белгиланган эди.
Стадионда мухлислар ўртасидаги муштлашув сабаб Бразилия ва Аргентина ўртасидаги ўйиннинг бошланиши кечиктирилди. Бироз вақт ўтиб ўйин бошланди. Меҳмон мухлислар ва маҳаллий полиция ўртасида юзага келган тўқнашув оқибатида Аргентина терма жамоаси сардори Лионель Месси ҳамюртларини калтакланаётганидан норози бўлиб, жамоадошларини майдондан олиб чиқиб кетди. Кейинроқ футболчилар яна майдонга чиқиб қилди. Эпизодлардан бирида Де Паул ва Родриго баҳслашиб кетди ва вазиятга Месси аралашиб, Родригонинг бўйнидан ушлади.
Родригонинг Мессига қарата айтган “Сизлар қўрқоқсиз”, деган гапига 8 карра Олтин тўп соҳиби “Биз жаҳон чемпионимиз. Нима деяётганингни биласанми?”, деб жавоб қайтарди.
Асабий ўйин меҳмонларнинг кичик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланди. Баҳсдаги ягона голга 63-дақиқада Николас Отаменди муаллифлик қилди. 83-дақиқада Бразилия аъзоси Жоэлинтон ҳакам томонидан ўйиндан четлатилди.
Беш турдан кейин Аргентина 12 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Бразилия 7 очко билан 5-ўринда бормоқда.
Аргентина сўнгги ўйинда Уругвайга мағлуб бўлганди (0:2). Бразилия саралаш босқичида кетма-кет иккита мағлубият аламини тотиб кўрди. Бир неча кун олдин “танланганлар” Колумбияга (1:2), октябрда эса Уругвайга (0:2) имкониятни бой берганди.
***
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва Италиянинг “Кальяри” клуби аъзоси Элдор Шомуродов Сардиния жамоаси сафида мавсумига 1,5 миллион евро маош олиши маълум бўлди. Бу ҳақда “Tuttomercatoweb.com” хабар берди.
Манбага кўра, “Кальяри” ўз футболчиларига умумий 19 миллион евродан ортиқ маош тўлайди. Жамоада энг кўп маош оладиган футболчи бу италиялик Андреа Петанья ҳисобланади. 28 ёшли ҳужумчи мавсумига 1,8 миллион евро олади.
Таъкидлаш жоиз, Шомуродов ҳам ўз клубида энг кўп маош оладиган футболчилардан бири ҳисобланади. Фақатгина Нандес ва Петанья ўзбекистонлик ҳужумчидан кўпроқ ишлаб топади.
Элдор Шомуродовнинг “Кальяри”даги жорий мавсум статистикаси ҳавас қиларли эмас. Футболчи Сардиния клубида ушбу мавсум жами 12 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та голли узатмани амалга оширишни уддалади холос. Трансфер ҳуқуқи Римнинг “Рома” клубига тегишли бўлган 28 ёшли Шомуродовнинг жорий клуби шартномаси кейинги йил ёзда ниҳоясига етади.
***
Бугун, 23 ноябрь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳарида U-23 Осиё кубогининг финал босқичига қуръа ташланди. Ўзбекистон мусобақанинг “D” гуруҳидан жой олди.
Қуръа натижаларига кўра, мусобақа гуруҳ босқичида Ўзбекистон Олимпия термасига Вьетнам, Қувайт ва Малайзия жамоалари рақиблик қилади.
“B” квартетини бемалол “ўлим” гуруҳи дейиш мумкин, чунки ушбу квартетдан Япония, Жанубий Корея, БАА ва Хитой жамоалари ўрин олди.
Таъкидлаш жоиз, Темур Кападзе шогирдлари шу йил Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, бронза медалларига эга чиққанди.
Маълумот учун, U-23 Осиё кубоги 2024 йил 15 апрелдан 3 майга қадар ўтказилади. Турнир совриндорлари тўғридан-тўғри Олимпиадага йўл олса, 4-ўрин эгаси плей-офф ўйинида Африка вакили Гвинея билан тўқнаш келади.
***
Зўравонликда айбланаётган “Ал-Наср” ҳужумчиси Криштиану Роналду оқланди. Бу ҳақда “Daily Mail” хабар берди.
Аввалроқ, модель Кетрин Майорга португални зўравонликда айблаб, даъво аризаси ёзганди, бироқ моделнинг даъвоси суд томонидан рад этилди.
Жараён 2018 йилнинг сентябрида бошланган. Майоргага кўра, 2009 йил июнь ойида Роналду меҳмонхонада Майоргани зўрлаган. Модель бўлиб ўтган воқеаларни ҳеч кимга айтмагани учун Роналдудан 375 минг АҚШ доллар олганини айтган.
Кейинчалик португалиялик футболчи Майоргага ҳақиқатдан ҳам пул берганини тан олди, лекин зўрлаш фактори ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
2021 йил апрелида Майорга Роналдудан маънавий зарар учун товон пули сифатида 65 миллион евро талаб қилган, бироқ моделнинг айблови ўз исботини топмаган. 2022 йил июнь ойида унинг даъвоси рад этилди - судья Женнифер Дорси даъвогарни нотўғри хатти-ҳаракатлари ва ўғирланган махфий ҳужжатлардан фойдалангани сабаб бу ишни рад этди.
***
Аввалроқ Италияда ўтказилаётган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик Афруза Ҳамдамова 14 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасидаги баҳсларда муддатидан аввал чемпионликни қўлга киритгани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева мазкур ғалабаси учун Афруза Ҳамдамовани табриклади. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзди.
“Афруза ўтган йили “Заковат-Гамбит” турнирининг C тоифасида ғолиб бўлган эди, бугун эса у – жаҳон чемпиони! Табриклайман, Афруза! Бу – мисли кўрилмаган муваффақият, тенгдошлар учун зўр мотивация ва мамлакатимиз учун ифтихор манбаидир! Қизларимиз учун жаҳон биринчиликлари сари йўлни дадил очиб берганингиз учун ташаккур!” деган Президент ёрдамчиси.
Мирзиёева шунингдек, Афрузанинг мураббийларига ва ота-онасига ҳам раҳмат айтган.
Маълумот учун, Монтесильвано шаҳри мезбонлик қилаётган баҳсларда Афруза 10 турда 9 очко жамғариб, барча рақибларидан 1 очкога олдинга чиқиб олган ҳолда муддатидан олдин турнир чемпионлигига эга чиқди. Бу орқали Ҳамдамова шахмат бўйича Ўзбекистон тарихида қизлар ўртасида илк жаҳон чемпиони сифатида қайд этилди.
***
24 ноябрь куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 25-турида Тошкент шаҳрининг “Пахтакор” клуби Сурхондарё вилоятининг “Сурхон” жамоасига қарши баҳс олиб борди. Учрашув 1:2 ҳисобида тошкентликлар фойдасига ҳал бўлди.
Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳар икки клубнинг ҳам дарвозасига тўп киритилмади. Иккинчи бўлимда эса “шерлар” ҳисобни очди, 53-дақиқада Дилшод Саидов ўз номига гол ёздириб қўйди. Баҳснинг 66-дақиқасида Азизбек Турғунбоев ҳисобни 0:2 кўринишига келтирди.
“Сурхон” футболчилари 72-дақиқага келибгина ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлишди, бу голга Силванус Нимели муаллифлик қилди. Қолган дақиқаларда ҳисоб ўзгармади ва “Пахтакор” ғалабани қайд этди.
Тошкент клуби шу тариқа очколари сонини 53 тага етказиб олган ҳолда ўз номига муддатидан олдин 2023 йилги мавсум чемпионлигини расмийлаштириб қўйди.
“Пахтакор” бу орқали 2024/25 йилги янгиланаётган Элит Осиё чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритди. Бу янгича мусобақа бўлиб, унда қитъанинг энг кучли 24 та клуби иштирок этади.
Маълумот учун, “Пахтакор” 1992, 1998, 2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007, 2012, 2014, 2015, 2019, 2020, 2021, 2022, 2023 йилларда – умумий ҳисобда 16 бор Ўзбекистон чемпиони бўлди.
LiveБарчаси