Академик таътил беришнинг янги тартиби ўрнатилмоқда

Жамият

image

Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида академик таътил беришнинг янги тартиби ўрнатилмоқда. 

Унга кўра, академик таътил олишни истаган талабалар ўз ихтиёри билан академик таътил муддатига таълимнинг сиртқи ва масофавий шаклига ўтказилиб (агар олий таълим муассасасида бундай таълимнинг шакллари мавжуд бўлса), уларга узлуксиз мустақил таълим олиш имконияти яратилади. 

Оиласининг бетоб аъзосини парвариш қилиш сабабли анъанавий шаклдаги таълимни давом эттириш имконияти бўлмаган талабаларга ҳам академик таътилни олиш ҳуқуқи берилади. 

Талабаларга ўқиш давомида академик таътил берилиши бўйича миқдорий чекловлар бекор қилинади. 

Шунингдек, академик таътилдан қайтган талабаларни илгари ўзлаштирилган фанлар бўйича қайтадан ўқитиш амалиёти бекор қилинади.

Буларнинг барчаси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонда ўз аксини топган. 

Фармонга кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда бир ой муддатда академик таътил олишни истаган талабалар томонидан сиртқи ва масофавий шаклда мустақил таълим олишни ташкил этиш, олий таълим муассасаларида экстернат тартибида таълим олиш бўйича ҳуқуқий асосларни яратишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

44

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг