АҚШнинг саккизта штати OpenAI’ни судга берди. ChatGPT нимада айбланмоқда?
Олам
−
16:08 972 4 дақиқа
АҚШнинг саккизта штати сунъий интеллект соҳасида фаолият юритувчи OpenAI компанияси устидан судга даъво киритди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Штатлар бош прокурорларининг фикрича, компания истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларни бузган ва ChatGPT хавфсизлиги ҳақида жамоатчиликни чалғитган. Улар маҳсулотнинг ишлаш тартибини ўзгартириш, ҳимоя чораларини кучайтириш ва қонунбузарликлар исботланган тақдирда молиявий товон тўлашни талаб қилмоқда.
Хабарларга кўра, 2026 йил 14 октябрда бошланган мазкур жараён АҚШда сунъий интеллект компаниясига қарши штатлар даражасида амалга оширилаётган энг йирик ва ўзаро мувофиқлаштирилган ҳуқуқий ҳаракатлардан бири ҳисобланади.
Қайси штатлар OpenAI’ни судга берди?
2026 йил 14 октябрь куни Айова, Канзас, Аризона, Арканзас, Айдахо, Монтана, Небраска ва Ғарбий Виржиния штатлари OpenAI компанияси устидан судга шикоят қилган.
Штатларнинг бош прокурорлари даъволарни ўз ҳудудларидаги судларга мустақил равишда киритган. Айрим аризаларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунлари бузилгани, бошқаларида эса ёш фойдаланувчиларни ҳимоялашга доир талаблар четлаб ўтилгани иддао қилинган.
Айова штати бош прокурори Бренна Бёрд компанияни истеъмолчиларни фирибгарликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни бузганликда айблаган. Унинг аризасида ChatGPT хавфсизлиги ҳақидаги баёнотлар билан маҳсулотнинг амалда ишлаш жараёни ўртасида жиддий тафовут борлиги қайд этилган.
Аризона Бош прокурори Крис Мейс эса компаниянинг маҳсулот дизайни ва маркетинг сиёсатини танқид қилган. Даъвога кўра, чат-бот фойдаланувчиларга доимий равишда маъқулловчи оҳангда жавоб беришга мойил, инсоний ҳамдардликни сохталаштиради ва одамларни платформада кўпроқ вақт ўтказишга ундайди.
Небраска Бош прокурори Майк Ҳилгерс истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунларидан ташқари, ёшларга мўлжалланган онлайн хизматлар дизайнига оид қоидалар ҳам бузилганини даъво қилмоқда.
ChatGPT қандай хатти-ҳаракатларда айбланмоқда?
Штатлар даъволарида чат-бот фаолияти билан боғлиқ бир нечта хавф қайд этилган.
Биринчидан, ChatGPT айрим ҳолатларда ҳаёт учун хавфли тиббий маслаҳатлар бериши мумкинлиги айтилмоқда. Даъвогарларнинг фикрича, фойдаланувчилар чат-бот жавобларига тўлиқ ишониб, нотўғри ва зарарли хулосаларга келиши мумкин.
Иккинчидан, чат-бот айрим фойдаланувчиларнинг асоссиз шубҳалари ва нотўғри қарашларини кучайтириши, руҳий жиҳатдан нозик ҳолатдаги инсонлар билан мулоқотда хавфли жавоблар қайтариши мумкинлиги таъкидланган.
Учинчидан, штатлар ChatGPT айрим суҳбатларда одамларни ўз жонига қасд қилишга, бошқаларга зарар етказишга ёки зўравонлик ҳаракатларини режалаштиришга ундайдиган жавоблар берганини иддао қилмоқда. Айрим даъво аризаларида оммавий қуролли ҳужумларни режалаштиришга ёрдам бериши мумкин бўлган ҳолатлар ҳам келтирилган.
Штатлар мазкур ҳолатларни OpenAI хавфсизликка доир хатарларни етарлича ошкор қилмагани ва истеъмолчиларда маҳсулот хавфсизлиги ҳақида нотўғри тасаввур уйғотганига далил сифатида кўрсатмоқда.
ChatGPT’нинг инсонга ўхшаб мулоқот қилиши нега хавотир уйғотмоқда?
Даъвогарлар компания маҳсулотининг мулоқот услубига ҳам эътибор қаратмоқда. Уларнинг фикрича, ChatGPT фойдаланувчига ўта хушмуомала, ҳамдард ва унинг фикрларини сўзсиз қўллаб-қувватлайдиган яқин суҳбатдошдек кўриниши мумкин.
Даъво аризаларида бундай хусусият, айниқса, ўсмирлар ва руҳий жиҳатдан таъсирчан инсонлар учун хавф туғдириши мумкинлиги таъкидланган. Штатлар вакилларининг фикрича, илиқ мулоқот услуби фойдаланувчиларнинг чат-ботга ортиқча ишонишига ва унинг жавобларини танқидий баҳоламаслигига олиб келиши мумкин.
Аризона бош прокурори баёнотида OpenAI чат-ботни фойдаланувчиларни платформада узоқроқ ушлаб туришга мўлжаллаб ишлаб чиққан, деган айблов ҳам илгари сурилган.
Штатлар компаниядан нимани талаб қилмоқда?
Даъволардаги талаблар ҳар бир штатнинг қонунчилиги ва киритилган аризаларга қараб фарқ қилади. Бироқ уларнинг асосий талаблари қуйидагилардан иборат:
- ChatGPT хавфсизлиги ва фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш тизимига жиддий ўзгартиришлар киритиш;
- маҳсулотнинг имкониятлари ва ундаги хавф-хатарлар ҳақида истеъмолчиларни чалғитмаслик;
- тегишли штат қонунлари бузилгани исботланса, фуқаролик-ҳуқуқий жарималар ва бошқа молиявий жазоларни қўллаш;
- даъволарда кўрсатилган зарарлар учун компенсация тўлаш.
OpenAI айбловларга қандай муносабат билдирди?
OpenAI вакиллари ChatGPT’да болалар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган махсус ҳимоя механизмлари жорий этилганини ва моделни такомиллаштириш ишлари давом этаётганини билдирган.
“Associated Press” агентлигининг маълумотига кўра, компания ўз баёнотида “Нотўғри йўналишга кириб қолган моделлар” устида доимий тадқиқотлар олиб борилаётганини маълум қилган. Шунингдек, OpenAI айрим сунъий интеллект моделларининг хавфсизлик билан боғлиқ хатти-ҳаракатларини ўрганаётганини айтган. Мустақил ташқи экспертлар ҳам унинг сиёсати ва ChatGPT’нинг хулқ-атворини мунтазам ўрганиб боради.
OpenAI штатлар билан ҳамкорлик қилишга, шунингдек, нафақат битта компания, балки бутун сунъий интеллект саноати учун амал қиладиган ягона қоидаларни ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирган.
Шу билан бирга, компания ўз фаолиятига нисбатан билдирилган барча айбловларни тан олгани йўқ. OpenAI мавжуд ҳимоя чораларини етарли деб ҳисоблаётган бир пайтда, даъвогар штатлар бу чоралар фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш учун талаб даражасида эмаслигини таъкидламоқда.
Маржона Маманиёзова
Live
Барчаси