АҚШнинг давлат қарзи 36 трлн доллардан ошди
Олам
−
28 Декабрь
2740АҚШ давлат қарзи 36 триллион доллардан ошиб, бир йил ичида 2,4 триллион долларга кўпайди. Бу ҳақда Қўшма Штатлар Молия вазирлиги хабар берди.
Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШ давлат қарзи 36,2 триллион долларга етган. Бир йил ичида қарз 7 фоизга ёки 2,4 триллион долларга ошган. Сўнгги беш йил ичида давлат қарзи 23,1 триллион доллардан 1,6 баробар ошган бўлса, охирги ўн йил ичида икки баробарга, яъни 18,04 триллион доллардан ошган.
Билдирилишича, 2025 йил 2 январдан бошлаб Қўшма Штатлар давлат қарзининг максимал чегараси қайта тикланади. Молия вазири Жанет Йеллен Конгрессга ёзган мактубида қарз чегараси 14-23 январь оралиғида чегарага етиши мумкинлиги ва бу вазирлик томонидан фавқулодда чоралар кўришни талаб этишини айтган. Йеллен, шунингдек, 2023 йил июнь ойида қабул қилинган фискал масъулият тўғрисидаги қонун билан давлат қарзи чегараси вақтинчалик бекор қилинганини эслатиб, Конгрессни мамлакатнинг кредит салоҳиятини ҳимоя қилиш учун чора кўришга чақирган.
Халқаро валюта жамғармасининг баҳоларига кўра, 2024 йил охирида АҚШ давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 121 фоизга, 2029 йилга бориб эса 131,7 фоизга етади. Жо Байден Президентликка киришганидан буён АҚШ давлат қарзи 2021 йилда 28 триллион доллардан, бугунги кунда эса рекорд даражада – 36 триллион доллардан ошган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи ҳажми 60,2 млрд долларни ташкил қилиб, шундан давлат ташқи қарзи ҳажми қарийб 32,5 млрд доллар ҳамда корпоратив ташқи қарз ҳажми 27,7 млрд долларга етгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси
30 Декабрь