АҚШнинг B-2 бомбардимончилари Яқин Шарққа йўл олди – ОАВ
Олам
−
21 Июнь 9697 2 дақиқа
АҚШнинг Миссури штатидаги Whiteman ҳарбий-ҳаво базасидан ҳавога кўтарилган B-2A Spirit туридаги махфий бомбардимончи самолётлар гуруҳи Ҳинд океанидаги стратегик база – Диэго-Гарсия ороли томон ҳаракатланмоқда. Бу ҳақда UK Defence Journal хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, бомбардимончиларни Канзас устида саккизта KC-135 Stratotanker ёқилғи қуювчи самолётлари кузатиб борган. Бу ҳаракатлар АҚШ томонидан Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлик кучайган бир пайтда амалга оширилмоқда.
“Сўнгги ҳафталарда минтақага ўнлаб АҚШ ҳарбий самолётлари, жумладан, қирувчи учоқлар, ёқилғи қуювчилар ва разведка платформалари юборилди. АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг икки йирик авиаташувчиси ҳам бошқа ҳаво ва денгиз кучлари билан бирга ҳаракат қилмоқда”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, B-2А Spirit бомбардимончиси – Northrop Grumman томонидан ишлаб чиқилган стратегик махфий самолёт бўлиб, илк парвозини 1989 йилда амалга оширган. У 15 минг метр баландликка чиқиб, 18 тоннагача юк кўтариши мумкин. Қуролланишида одатий ҳамда ядро каллаклари бўлиши мумкин. Экипаж икки кишидан иборат.
B-2 бомбардимончилари илгари НАТОнинг 1999 йилда Югославия бомбардимони, шунингдек, Ироқ ва Афғонистондаги урушларда фаол иштирок этган. Махфийлик технологияси туфайли у кучли ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари мавжуд ҳудудларда ҳам самарали ҳаракат қила олади.
UK Defence Journal’нинг хабар беришича, бу самолётлар Massive Ordnance Penetrator, яъни ер остидаги мустаҳкам объектларни йўқ қилишга мўлжалланган оғир юқори аниқликдаги бомбаларни ташишга қодир. B-2 шу тарзда оддий бомбалар ва қанотли ракеталар етиб бора олмайдиган ер ости нишонларини, жумладан, Фордодаги объектларни нишонга олиш имконига эга.
Fordo Теҳрон жанубида жойлашган, уранни бойитиш заводи бўлиб, Эрон ядровий дастурининг асосий объектларидан бири саналади. Бу ерда жойлашган иншоотлар ер остида барпо этилган. Исроилда ушбу объектдаги тузилмаларни йўқ қилиш учун зарур бўлган 13 тонналик бункербузар бомбалар ва уларни етказиб бера оладиган B-2 бомбардимончилари йўқ. АҚШ эса ҳам бомбаларга, ҳам уларни етказиш қувватига эга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Fox News” мухбири Жеки Хайнрик Оқ уйдаги мансабдор шахсга таяниб, АҚШ Эроннинг Фордодаги уранни бойитиш бўйича мустаҳкам ядро объектига қарши тактик ядро қуролидан фойдаланишни истисно қилмаётганини хабар қилган эди.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь