АҚШдаги мигрантларни сақлаш марказларида 20 га яқин киши вафот этди
Олам
−
28 июн 4603 2 дақиқа
АҚШ ҳукуматининг расмий маълумотларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки беш ойи давомида Иммиграция ва божхона назорати (ICE) тасарруфидаги мигрантларни сақлаш марказларида 18 киши вафот этган. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг июнь ойида яна бир ўлим ҳолати ҳақида хабар келиб тушган. Таққослаш учун, бутун 2025 йил давомида 33 та ўлим ҳолати қайд этилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич бор-йўғи 11 тани ташкил этган.
Олий комиссар одамлар ўлими ҳолатларига оид шаффофлик ва аниқликнинг йўқлиги айбдорларни жавобгарликка тортиш имкониятларига путур етказаётганини таъкидлаган.
“Мен ICE ҳибсхоналаридаги барча ўлим ҳолатлари бўйича тезкор, мустақил, холис ва самарали тергов ўтказишга чақираман. Қонунни бузган шахслар жавобгарликка тортилиши, ҳалок бўлганларнинг оилалари эса ҳақиқатни билиш, адолат, зарарни қоплаш ва келажакда бундай ҳолатлар такрорланмаслиги кафолатланиши ҳуқуқига эга бўлиши керак”, дейди Фолькер Тюрк.
Унинг айтишича, ўлим ҳолатлари сонининг ортиши АҚШда иммиграция тизими доирасида ҳибсда сақлаш тизимининг кенг кўламда кенгайтирилиши фонида юз бермоқда. Ҳозирги вақтда ICE марказларида 60 мингдан ортиқ киши сақланмоқда, ваҳоланки 2025 йилнинг бошида уларнинг сони 40 мингга яқин эди. 2026 йилнинг охирига бориб расмийлар тизим сиғимини 90 минг кишигача оширишни режалаштирмоқда.
Баёнотда қайд этилишича, қўлга олинганлар орасида бутун бошли болали оилалар, шунингдек, жиддий касалликларга чалинган инсонлар ҳам бор. Улар кўпинча стандартларга жавоб бермайдиган шароитларда: зарур тиббий хизмат ва озиқ-овқатсиз сақланмоқда. Шунингдек, ҳаддан ташқари тиқилинч муассасаларда қўлга олинганлар юқумли касалликларни юқтириб олиш хавфига дуч келмоқда. Куч ишлатиш ҳолатлари бўйича ҳам хавотирли хабарлар келиб тушмоқда.
2026 йилда расман қайд этилган ўлим ҳолатларидан бештаси ўз жонига қасд қилиш деб таснифланган. Фолькер Тюрк, шунингдек, бир кишилик камераларда сақлаш чоралари қўлланилаётгани ҳақидаги хабарлардан хавотир билдирган. Унинг сўзларига кўра, бундай чора фақат истисно ҳолларда қўлланилиши керак, унинг узоқ муддатли ёки муддатсиз ишлатилиши эса шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомалага тенглаштирилиши мумкин.
Унинг айтишича, мигрантларни ҳибсга олиш фақат охирги чора сифатида қўлланилиши лозим ва қоида тариқасида, оғир жисмоний ёки руҳий касалликларга чалинган шахсларга, шунингдек, ҳомиладор аёлларга нисбатан ишлатилмаслиги керак. Миграция мақоми ва ота-онасининг мақомидан қатъи назар, болалар иммиграция марказларига жойлаштирилмаслиги шарт.
Тюрк мигрантлар ва қочқинларни камситиш ҳамда уларни жиноятчига чиқариш ҳаракатлари давом этаётганини кескин қоралаган.
Олий комиссар инсонларни ўз ҳуқуқлари жиддий равишда бузилиши ёки орқага қайтариб бўлмайдиган бошқа зарарлар хавф солувчи мамлакатларга мажбуран қайтаришга йўл қўйилмаслигини яна бир бор эслатиб ўтган.
Live
Барчаси