АҚШдаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Трамп маъмуриятини судга берди
World
−
08:44 1344 3 minutes
АҚШдаги 4 та йирик инсон ҳуқуқлари ташкилоти Трамп маъмуриятининг Халқаро жиноят судини заифлаштиришга қаратилган сиёсати устидан судга мурожаат қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Human Rights Watch, Open Society Institute, American Friends Service Committee ва Center for Constitutional Rights ташкилотлари Нью-Йоркда берган даъво аризасида маъмуриятнинг Халқаро жиноят судига қарши санкциялар сиёсатини конституцияга зид деб атаган.
Дональд Трамп 2025 йилда АҚШ ва унинг иттифоқчиси Исроил расмийларига нисбатан иш юритаётган Халқаро жиноят суди прокурорлари, судьялари ва суд билан ҳамкорлик қилаётган бошқа шахсларга қарши санкциялар жорий этишга рухсат берувчи фармонни имзолаган. АҚШ ва Исроил Халқаро жиноят суди аъзолари ҳисобланмайди.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари санкциялар уларга дунё бўйлаб геноцид, уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар бўйича адолатга эришиш мақсадида Халқаро жиноят суди билан ҳамкорлик қилишга тўсқинлик қилаётганини билдирган.
Даъвогарлар номидан иш юритаётган Foley Hoag LLP адвокати Эндрю Лоуэнстайннинг таъкидлашича, ташкилотлар санкциялар режимини бекор қилишни талаб қилмоқда. Унинг фикрича, бу сиёсат президент ваколатларидан ошиб кетган ҳамда АҚШ ва халқаро қонунларни, жумладан, сўз ва дин эркинлиги ҳуқуқларини бузади.
Мазкур даъво инсон ҳуқуқлари ва Фаластин масалалари бўйича фаолият юритувчи бошқа ташкилотлар ўтган ой Трамп маъмуриятига қарши берган суд аризасидан кейин юзага келган. Ўша ишга жавобан АҚШ Давлат департаменти ушбу ташкилотлар Халқаро жиноят суди ваколатларини ҳаддан ташқари кенгайтиришга имкон беришга уринaётганини билдирган ва суд АҚШ суверенитетига таҳдид солишини таъкидлаган.
Бундан ташқари, Халқаро жиноят судининг 3 нафар судьяси ҳам Трамп маъмуриятининг санкцияларига қарши алоҳида судга мурожаат қилган.
Маълумот учун, Трампнинг Халқаро жиноят судига қарши позицияси унинг президентликдаги биринчи муддатидан бошланган. У 2020 йилда ҳам судга қарши санкциялар жорий этишни назарда тутувчи фармон чиқарган, бироқ АҚШ суди мазкур чораларни тўсиб қўйган. Судья фармон Биринчи тузатиш билан кафолатланган ҳуқуқларни бузиши мумкинлигини билдирган. Кейинчалик Жо Байден маъмурияти 2021 йилда ушбу фармонни бекор қилган.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ўтган ой Вашингтон Гаагадаги Халқаро жиноят судини заифлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларини кучайтиришини маълум қилган. У бошқа давлатларни ҳам суддан чиқишга кўндиришга қаратилган дипломатик кампания олиб борилишини билдирган.
Рубионинг таъкидлашича, Халқаро жиноят суди Трамп маъмуриятининг қатъий миграция сиёсатини амалга ошираётган АҚШ ходимлари, гиёҳванд моддалар олиб кетаётганликда гумон қилинган қайиқларга қарши зарбаларни амалга ошираётган ҳарбийлар ҳамда бошқа АҚШ ҳарбий хизматчилари учун таҳдид туғдиради.
Трамп эса 31 июль куни Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида Рубио берган маълумотга муносабат билдириб, Халқаро жиноят судига қарши кампания ўзини эмас, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва бошқа шахсларни ҳимоя қилишга қаратилганини айтган.
Live
All