АҚШда вертолёт кема билан тўқнашди. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
08 Август 2025 7368 1 дақиқа
Кеча, 7 август куни АҚШда вертолёт Миссисипи дарёсидаги баржа (двигателсиз кема) билан тўқнашиб, портлаш содир бўлди. Ҳозирча камида икки кишининг ҳалок бўлгани тасдиқланган. Бу ҳақда “New York Post” хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, ҳодиса Иллинойс ва Миссури ўртасида содир бўлган. Гувоҳларнинг айтишича, вертолёт аввал қулаган, сўнг ёниб кетган. Ҳалокатдан кейин воқеа жойида осмонга кўтарилган улкан қора тутун кўринган.
“Independent” хабарига кўра, АҚШ Федерал фуқаро авиацияси бошқармаси вертолёт бортида икки киши бўлганини тасдиқлаган ва уларнинг ҳалок бўлгани расмий равишда маълум қилинган. Фожиа сабаблари бўйича тергов бошланган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, вертолёт баржа билан тўқнашишдан аввал электр узатиш линиясига ҳам урилган.
“Вертолёт электр узатиш линиясига урилди ва портлади. Унда учувчи ва ишчи бор эди. Вертолёт портлаб, қулади ва баржа билан тўқнашди”, дейди гувоҳ Адам Бриггс.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ганада ҳарбий вертолёт ҳалокатга учраб, саккиз киши, жумладан, Атроф-муҳит, фан, технология ва инновациялар вазири, Шимолий минтақадаги Тамале марказий сайлов округи депутати Иброҳим Муртала Муҳаммад ва Мудофаа вазири Эдвард Кофи Омане Боама вафот этгани хабар қилинганди.
Live
БарчасиАлиев ишчи ташриф билан БААга борди
02 Февраль