АҚШда ўзбекистонлик террорчиликда айбланмоқда

3-саҳифа

image

АҚШнинг Иммиграция ва божхона назорати хизмати (ICE) 31 ёшли ўзбек муҳожири А.Б.ни террорчилик ишларида алоқадорликда гумон қилган ҳолда ҳибсга олди. Бу ҳақда “Fox News” хабар берди.

Маълумотларга кўра, у 2022 йилда Ўзбекистонда террорчилик ташкилотига алоқадорликда гумон қилиниб, қидирувга берилган. Фуқарога интернет орқали террорчилик пропагандасини тарқатиш ва жиҳодга чақириш ҳамда одамларни бу ҳаракатга жалб қилиш айблари қўйилган.

ICE маълумотларига кўра, А.Б. 2023 йилнинг февралида АҚШга ноқонуний тарзда кирган. Чегара патрули уни ўша пайтда тўхтатган, кейинчалик эса қўйиб юборган. Сўнгра у АҚШда ишлашга рухсат олиб, тижорий ҳайдовчилик гувоҳномасини олган. Жорий йилнинг 9 ноябрь куни у Канзас штатида юк машинаси ҳайдовчиси сифатида ишлаётган пайтда ICE ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Ҳибсга олиш АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти даврида иммиграцияга оид тижорий ҳайдовчилик ҳуқуқларини беришда назоратни кучайтириш чоралари билан боғлиқ. Бу чора Флоридада хорижий ҳайдовчи томонидан содир этилган ҳалокатли йўл-транспорт ҳодисасидан кейин жорий қилинган эди. Ўша вақтда 28 ёшли Ҳиндистон фуқароси йўл қоидаларини бузган ҳолда юк машинаси билан ҳаракатланиб, бошқа транспорт воситасини уриб, уч кишининг ҳаётига нуқта қўйган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Калифорния штати расмийлари муҳожир ҳайдовчилар рухсат этилган муддатдан узоқроқ ишлаётгани боис, уларга берилган 17 мингта тижорат ҳайдовчилик гувоҳномасини бекор қилиши ҳақида хабар берилганди. Расмийларнинг айтишича, Калифорнияда ҳайдовчилик гувоҳномаси ва иш рухсатномасининг амал қилиш муддати бир хил бўлиши шарт. Жорий йилнинг 6 ноябрь куни ҳайдовчиларга 60 кун ичида гувоҳномалари муддати тугаши ҳақида огоҳлантирувчи мактублар юборилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ терроризм

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг