АҚШда тўрт киши хавфли замбуруғдан вафот этди
Олам
−
24 Июль 2021
4554АҚШнинг Техас штатидаги иккита шифохонада дори-дармонларга чидамли Candida auris замбуруғи касаллиги тарқалди ва у тўрт нафар беморнинг ўлимига сабаб бўлди. Бу ҳақда KXAS-TV хабар берган.
Штатдаги бир округда жами 9 та замбуруғ юқтириш ҳолати тасдиқланган. Таъкидланишича, биринчи ҳолат жорий йилнинг январида аниқланган. Шундан сўнг бир нечта тиббий тавсиялар шифохоналарга юборилган.
Маҳаллий соғлиқни сақлаш вакилларига кўра, кенг жамоатчилик Candida auris билан касалланиш хавфи остида эмас, аммо замбуруғ қариялар уйлари ва шифохоналардаги одамлар учун хавфли.
Ўз навбатида, Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази жорий йилнинг январь ойидан апрель ойигача штат бўйлаб 22 та ҳолат қайд этилганини маълум қилган.
Апрель ойидан бошлаб инфекциянинг янги ҳолатлари аниқланган, аммо улар ҳақида хабар берилмаган.
Таъкидланишича, Candida auris кўпинча иммунитет тизими заиф одамларга юқади. У қонга, юракка ёки мияга кирса, бу энг хавфли ҳолат ҳисобланади. Бунда замбуруғ кўпайиши ва инвазив кандидоз (фунгемия) келтириб чиқариши мумкин.