АҚШда Россиянинг Европага босқинига қарши машғулотлар бошланди
Олам
−
11 Ноябрь 2022
5285Американинг Мохаве чўлида (Калифорния) АҚШ, Буюк Британия ва Австралиянинг қўшма ҳарбий машғулотлари бошланди. Унда Россиянинг Европага эҳтимолий босқини саҳналаштирилади. Бу ҳақда “The Times” хабар бермоқда.
Газетанинг ёзишича, икки ҳафта давом этадиган машғулотларда 4500 нафар ҳарбий хизматчи қатнашади. Улар Украина даштларига ўхшаш очиқ чўл ландшафтида Украина Қуролли Кучлари тажрибасидан орттирилган янги тактикаларни машқ қиладилар.
Машғулотлар иштирокчиларидан бирининг сўзларига кўра, Украинадаги уруш амалиётда маълум ўзгаришларни, жумладан, учувчисиз учиш аппаратларидан кенг фойдаланишни кўрсатди, шу сабабли Ғарб армиялари “янги воқеликка тез мослашиши” зарур.
Бундан ташқари, ҳарбийлар дала шароитида қисмларни ишлаб чиқариш учун 3D-принтердан фойдаланиш, шунингдек, қўмондонлик қарорларини қабул қилиш учун дронлар томонидан тўпланган катта ҳажмдаги разведка маълумотларини қайта ишлаш технологияларидан фойдаланишни машқ қиладилар.
2023 йилда худди шундай ўқув тадбирларини тўғридан-тўғри Европада ўтказиш режалаштирилган.
Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан АҚШ ўз иттифоқчилари билан биргаликда можаро янада кучайиши эҳтимоли сабаб машғулотлар ўтказмоқда. Хусусан, ноябрь ойида Польшада Польша, Чехия, Словакия, Венгрия, шунингдек, Буюк Британия ва АҚШнинг қўшма машғулотлари бўлиб ўтди, унда икки мингга яқин ҳарбий хизматчи иштирок этди.
10 ноябрь куни АҚШ ва Япония қўшма машғулотларни бошлади. Уларда 36 мингга яқин ҳарбий хизматчи, 30 та кема ва 300 дан ортиқ самолёт иштирок этиши режалаштирилган. Машқларда Австралия, Канада ва Буюк Британия иштирок этади.
LiveБарчаси