AҚШда рекорд даражадаги ёмғир ва сув тошқини оқибатида 42 киши ҳалок бўлди (видео)

Олам

image

AҚШ шимоли-шарқида “Aйда” довули туфайли юзага келган торнадо ва сув тошқини оқибатида 42 киши ҳалок бўлди. Хусусан, Нью-Жерси штатида 23 киши, Нью-Йоркда 13 киши ва Пенсильванияда эса 4 киши вафот этган. Бу ҳақда NBC News телеканали хабар берди.

Ижтимоий тармоқлардаги видеоларда машиналарнинг магистрал йўлларда сув босиб қолгани, метро станциялари ва уйлар сувга тўлганини кўриш мумкин.

Ҳукумат Нью-Йорк (шаҳар ва штат), Нью-Жерси ва Пассейикда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Шаҳар марказий боғида кунлик ёғингарчилик жорий йил 1 сентябрь 7,13 дюйм (18,11 см) ни ташкил этган.

AҚШ Президенти Жо Байден Энергетика вазири Женнифер Гренхолмга “Айда” довули туфайли мамлакатда ёқилғи нархининг ошишига йўл қўймаслик учун стратегик нефть захирасидан фойдаланишни буюрди.

“Мен Энергетика вазири Гренхолмга қувурларда бензин тўхтаб қолмаслиги учун ихтиёридаги ҳамма нарсадан, шу жумладан, стратегик нефть захирасидан фойдаланишини айтдим”, деди Байден.

Президентнинг қўшимча қилишича, стратегик захирадан фойдаланиш ёқилғига эга бўлиш имкониятини оширади ва унинг нархи кўтарилиши олдини олади.

Маълумот ўрнида, 29 август куни Мексика кўрфази соҳилига “Aйда” довули ёпирилди. Дастлаб, шамол тезлиги соатига 240 километрга етган, довулга хавфлилик даражаси бўйича бешта тоифанинг тўртинчиси берилган. Табиий офат туфайли AҚШнинг Луизиана штатида 1 миллиондан ортиқ аҳоли электр энергиясидан узилиб қолди, бир киши вафот этди. Кейин довул Миссисипи, Теннесси ҳудудларидан ўтиб, Виржиния, Мэриленд, Пенсильвания, Нью-Йорк ва Нью-Жерси штатларини қамраб олди.

Шу билан бирга, ҳозирда AҚШ Aтлантикада кучайиб бораётган яна бир довул – “Ларри” ҳақида огоҳлантирилмоқда. Метеорологлар унинг бир неча кун ичида учинчи тоифага ёки ундан юқори даражага кўтарилишини прогноз қилмоқда. “Ларри”да шамол тезлиги ҳозирда 128,7 км/соат.

“30 август куни кечқурун Миссисипи штатининг Жорж округида 50 метрли автомагистраль йўлини сув босиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди, 10 киши жароҳатланди. Яраланганлардан учтаси оғир аҳволда”, дейди Миссисипи автомобиль йўллари патруль хизмати ходими Калвин Робертсон.

Кечқурун Луизиана штатида содир бўлган бўрон икки кишининг ўлимига сабаб бўлган. 

Шунингдек, Луизиана штатининг 71 ёшли яна бир фуқароси аллигатор ҳужумига учраб, вафот этган. Маҳрумнинг рафиқаси унга катта аллигатор ҳужум қилганини тасдиқлади.

Луизиана губернатори Жон Бел Эдвардс, аввалроқ, “Aйда”нинг қурбонлари сони ошиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди. 30 август куни губернатор “Айда” довулидан олдин эвакуация қилинган аҳолидан уйга қайтмаслигини илтимос қилди.

Aйни пайтда Миссисипи штатида 30 мингга яқин, Луизиана штатида эса 1 миллиондан ортиқ аҳоли электр энергиясидан узилиб қолган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

116

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг