АҚШда отишма содир бўлди. Қурбонлар бор
Олам
−
14 Февраль 2023
7632АҚШдаги Мичиган университетида қуролланган шахс томонидан уч киши ўлдирилди ва беш киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Bnonews” хабар берди.
Отишма жорий йилнинг 13 февраль куни соат 20:18 да бошланган. Орадан кўп ўтмай, полиция ходимлари воқеа жойига етиб келган. Лекин гумонланувчи қочишга улгурган. Полиция ва жамоат хавфсизлиги хизмати 8 киши отилганини, улардан 3 киши воқеа жойида ҳалок бўлганини ва 5 киши касалхонага етказилганини тасдиқлади. Қайд этилишича, барча жабрланганларнинг аҳволи оғир.
Аниқланишича, полиция томонидан воқеа жойи тўлиқ тинтув қилингунга қадар университет бутунлай ёпилган. 14 февралга ўтар кечаси ярим тунда полиция гумонланувчининг кўринишига мос келадиган одамни пайқаб қолган. Унга яқинлашганда, гумонланувчи тўппончаси ёрдамида ўзини отиб ўлдирган ва воқеа жойида вафот этган. Айтилишича, отишмани содир этган шахс 43 ёшли эркак бўлиб, университет билан алоқаси бўлмаган. Ҳозиргача отишма сабаблари очиқланмади.
Маълумот учун, Мичиган университети АҚШнинг етакчи ўқув ва илмий марказларидан бири бўлиб, 1817 йилда Детройт шаҳрида ташкил топган.
LiveБарчаси