АҚШда олимларга қуёш нурини тўсиш тақиқланди
Бу қизиқ
−
30 Июль 4496 2 дақиқа
АҚШ расмийлари олимларга қуёш нурини тўсиш бўйича тажрибаларни ўтказишни расман тақиқлади. Хусусан, Калифорнияда об-ҳавога сунъий таъсир ўтказиш бўйича рухсатсиз бошланган тажриба тўхтатилган. Бу ҳақда ички ҳужжатларга таяниб, “Politico” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, 2024 йил апрель ойида Аламеда шаҳрида ҳозирда музейга айлантирилган USS Hornet авиаташувчи кемаси бортида Вашингтон университети олимлари ва SilverLining нодавлат ташкилоти ҳамкорлигида тажриба бошланган. Улар денгиз тузи зарраларини пуркаш орқали булутларнинг қуёш нурларини қайтаришни хусусиятини кучайтиришни ва ер юзасига тушадиган иссиқликни камайтиришни мақсад қилган.
Бироқ лойиҳа ишга тушганидан атиги 20 дақиқа ўтиб тўхтатилган. Аламеда шаҳар ҳокимияти бу ишлар кема ижара шартларини бузганини ва уларнинг хабарисиз олиб борилганини билдирган. Тадқиқотчилар эса аввалроқ бундай тажрибалар учун алоҳида рухсат керак эмас, деб ҳисоблаган.
Геоинжиниринг соҳасидаги мутахассислар бу ҳолатга кескин муносабат билдирган. Булутлар рефлективлигини ошириш каби технологиялар глобал исиш таҳдидига қарши курашда фойдали восита сифатида кўрилаётган бўлса-да, танқидчилар бу усуллар кутилмаган жиддий оқибатлар ва илмий изчил назоратнинг етишмаслиги хавфини солишидан огоҳлантирмоқда.
Шу билан бирга, АҚШнинг баъзи штатлари бу борада янада қатъий қадамлар ташлаган. Масалан, Флорида яқинда кимёвий моддаларни пуркаш орқали иқлимга ёки қуёш нурланишига таъсир ўтказишни тақиқловчи қонунни қабул қилган.
Бу орада жорий йил май ойида Британиянинг ARIA агентлиги ўзининг геоинжиниринг тадқиқотларини бошлаганини эълон қилган. Режаларга стратосферага акс нур қайтарувчи заррачаларни пуркаш, денгиз суви билан булутларни оқартириш ва муз қатламини мустаҳкамлаш киради. ARIA’га кўра, бу усулларнинг самарадорлигини баҳолашга вақт тобора қисқариб бормоқда, чунки иқлим ўзгаришлари ортга қайтмас босқичга яқинлашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олимлар Ер орбитасида ҳаракатланаётган иккита сунъий йўлдош ёрдамида моделлаштирилган сунъий Қуёш тутилиши қандай кўринишини илк бор намойиш қилганди.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь