АҚШда мигрантларга фуқаролик берувчи шоу ташкил этилиши мумкин
Олам
−
17 Май 3560 2 дақиқа
АҚШ Ички хавфсизлик департаменти мамлакат фуқаролигини қўлга киритиш имконини берувчи “Очлик ўйинлари ” фильмига ўхшаш реалити-шоу лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда лойиҳа муаллифи, продюсер ва ёзувчи Роб Уорсофф маълум қилди.
Унга кўра, лойиҳа машҳур “Очлик ўйинлари” (Тhе Hunger Games) фильмига алоқадор эмас, асосий мақсад “умид уйғотиш ва АҚШ фуқароси бўлиш нимани англатишини кўрсатиш”.
Уорсоффнинг айтишича, иштирокчилар ғалаба қозониш учун бир-бирлари билан турли синовларда беллашади, аммо мағлуб бўлганлар депортация қилинмайди. Шоуда қатнашувчилар ўзаро билим синовларида, хусусан, АҚШ тарихи бўйича викториналарда қатнашади, шунингдек, Мичиган штатидаги Детройт шаҳрида автомобиль заводида машина йиғиш ва конлардан олтин қазиб олиш каби амалий топшириқларни бажаради. Улар мамлакат бўйлаб поездда саёҳат қилади ва ҳар бир эпизод якунида бир иштирокчи лойиҳани тарк этади.
Уорсофф лойиҳани олиб борувчи бошловчи сифатида АҚШ фуқаролигини олган таниқли мигрантларни таклиф қилмоқчи. Улар орасида колумбиялик актриса София Вергара, канадалик актёр Райан Рейнольдс ёки украиналик актриса Мила Кунис каби номлар тилга олинган.
Продюсернинг таъкидлашича, ҳозирча у Ички хавфсизлик департаменти раҳбари билан расмий учрашув ўтказмаган, бироқ вазирлик ходимларидан ижобий фикрлар олган. У бу лойиҳани илгарироқ Барака Обама ва Жо Байден маъмуриятлари даврида ҳам таклиф қилган, аммо ўшанда амалга ошмай қолган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ички хавфсизлик департаменти ноқонуний муҳожирларни мамлакатдан чиқиб кетишга ундаш мақсадида уларга 1000 доллар миқдорида тўлов таклиф қилаётгани хабар қилинганди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь