АҚШда фавқулодда ҳолат сабаб 40 минглаб одам эвакуация қилинди
Олам
−
23 Май 3272 2 дақиқа
АҚШнинг Калифорния штатида кимёвий модда сақланаётган цистерна билан боғлиқ хавфли ҳолат сабаб 40 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 21 май куни Оринж округининг Гарден Гров ҳудудидаги корхоналардан бирида пластик ишлаб чиқаришда қўлланадиган метил метакрилат моддаси сақланган цистерна қизиб кетган. Айтилишича, цистерна ичида тахминан 6-7 минг галлон тез алангаланадиган ва заҳарли кимёвий модда мавжуд.
Оринж округи Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ҳодисадан сўнг Гарден Гров ва унга туташ ҳудудларда эвакуация эълон қилган. Кейинчалик хавф ҳудуди яна кенгайтирилган.
Расмийларга кўра, корхонадаги учта цистернадан бирининг совитиш тизими ишдан чиққан. Ёнғин хавфсизлиги хизмати раҳбари Крейг Кови вазият “мисли кўрилмаган даражада хавфли” эканини билдирган.
“Цистерна икки хил йўл билан ишдан чиқиши мумкин: ёки заҳарли кимёвий модда ташқарига сизиб чиқади, ёки портлаш юз беради”, деган у.
Маълум қилинишича, махсус хавфли моддалар гуруҳи ҳозирда цистерна ичидаги босимни камайтириш ва портлаш хавфини олдини олиш устида ишламоқда. Ҳудудда ҳаво сифати ҳам назоратга олинган. Ҳозирча жароҳатланганлар ҳақида маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франциянинг Париж шаҳри шимолидаги Коломбо ҳудудида Иккинчи жаҳон урушидан қолган бомба топилиши сабаб минглаб аҳоли эвакуация қилингани хабар берилганди. Бомба қурилиш ишлари вақтида аниқланган бўлиб, уни зарарсизлантиришга қилинган уриниш муваффақиятсиз якунланган. Шундан сўнг портловчи қурилма назорат остида портлатиб йўқ қилинганди.
Live
Барчаси