АҚШда 17 минг ўзбекистонлик бошпана берилишини кутмоқда – ОАВ
Олам
−
01 Март
12525Марказий Осиё давлатларидан 2023 йилда 50 мингдан ортиқ одам АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган. Бу ҳақда америкалик сенатор Стив Дэйнсга таяниб, “Daily Mail” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Марказий Осиё давлатларининг 40 минг фуқароси бошпана бериш бўйича суд жараёнини кутмоқда. Улардан 17 минг нафари Ўзбекистон, 7 минг нафари Қирғизистон, 3 минг нафари Тожикистон, 2,7 минг нафари Қозоғистон, 2 минг нафари Туркманистон фуқароларидир.
АҚШ чегарасидаги муҳожирлар инқирози фонида сенатор Стив Дэйнс жанубий чегара орқали мамлакатга кириб келаётган террорчилар тармоғи кучайиб бораётгани ҳақида огоҳлантирган. У мамлакат ичида терактлар содир этилиши эҳтимолидан хавотир билдирган. Унинг фикрича, муҳожирлар “террорчилар ячейкасининг бир қисми” бўлиши мумкин.
Маълумот учун, 2023 йил август ойида АҚШдан бошпана сўраган ўндан ортиқ ўзбекистонлик муҳожирлар ФҚБ уларга мамлакат ҳудудига ўтишга ёрдам берган контрабандачининг ИШИД билан алоқаси борлигини аниқлаганидан сўнг тергов қилинган. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, октябрь ойидан бери ФҚБ террорчилар рўйхатига киритилган камида 50 киши АҚШ чегарасини кесиб ўтаётганда ҳибсга олинган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ноқонуний йўллар, хусусан Мексика чегараси орқали АҚШ чегарасини босиб кирмоқчи бўлган ўзбекистонликларга огоҳлантириш билан чиқиб, улар қўйиб юборилмаслиги, аксинча, иммиграция иши ҳал қилингунга қадар ҳибсда сақланишини маълум қилганди. “Fox News” телеканали эса АҚШ чегара хизматидаги манбага таяниб, 18 декабрь куни Мексикадан бир кун ичида рекорд даражада кўп (12,6 мингдан ортиқ) одам АҚШ билан чегарани кесиб ўтишга уринганини хабар қилганди.
Жавоҳир Йўлдашов