АҚШ ЖЧнинг хавфсизлиги учун 1 млрд ажратади
Спорт
−
05 Декабрь 2025 689 2 дақиқа
АҚШ 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати учун хавфсизлик ва виза чораларини белгилаб, миллионлаб халқаро меҳмонлар учун хавфсизлик чораларини кучайтиришни ваъда қилмоқда. Ҳукумат бу масала учун федерал молиялаш орқали 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратади. Бу ҳақда “New Kerala” нашри хабар берди.
Оқ уйнинг Жаҳон чемпионати бўйича ишчи гуруҳи ижрочи директори Эндрю Жулианининг сўзларига кўра, ҳукумат хавфсизлик учун федерал молиялаш орқали 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратган. Унинг таъкидлашича, маблағнинг 625 миллион доллари FIFA Жаҳон чемпионати грант дастури орқали ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларни қўллаб-қувватлашга ва киберхавфсизлик бўйича машғулотлар, амалий тайёргарликлар ва фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун йўналтирилади. Шунингдек, 500 миллион доллар учувчисиз самолётларга (дронларга) қарши грант дастури доирасида ажратилади.
Эндрю Жулиани кутилаётган 5–7 миллион мухлисларнинг оқимини бошқариш мақсадида АҚШ саёҳат тизимларини янгилаш чораларини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, асосий эътибор кўп сонли мухлисларни қабул қилиши кутилаётган мамлакатлар учун виза кутиш вақтларини қисқартиришга қаратилган.
“Дунё бўйлаб мамлакатларнинг 80 фоиздан ортиғидаги мухлислар 60 кундан камроқ вақт ичида виза учрашувига ёзилишлари мумкин. Бутун дунё бўйлаб АҚШ консулликларига 450 дан ортиқ қўшимча ходимлар юборилди. 300 мингдан ортиқ қўшимча визалар аллақачон берилди ва келгуси йил бошида бу рақам миллионларга етиши кутилмоқда” , дейди у.
Маълумот учун, мундиалга қуръа ташлаш маросими бугун, 5 декабрь куни АҚШ пойтахти Вашингтонда жойлашган “The Kennedy Center” мажмуасида ўтказилади.
Live
Барчаси