АҚШ, Япония ва Корея КХДРни ядровий қуролсизлантириш мақсадида кучларни бирлаштирмоқчи

Олам

image

Келаси ҳафта Вашингтонда Корея Республикаси, АҚШ ва Япония дипломатлари уч томонлама учрашув ўтказиб, Корея Халқ Демократик Республикасини ядровий қуролсизланиш бўйича музокаралар столига қайтариш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни муҳокама қилади. Бу ҳақда Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.  

Унга кўра, Корея яриморолидаги тинчлик ва хавфсизлик масалалари бўйича махсус вакил Но Гю Док ҳамда унинг америкалик ва япониялик ҳамкасблари Сон Ким ҳамда Такэхиро Фунакоси 19 октябрь куни уч томонлама музокаралар ўтказади. 

Вазирлик хабарига кўра, улардан олдин бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилади.

Кун тартибига Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг 1950-1953 йиллардаги Корея урушини расман тугатадиган ҳужжатга имзо чекиш зарурлиги ҳақидаги яқинда киритилган таклифи ҳам киритилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, томонлар КХДРга гуманитар ёрдам кўрсатиш чораларини муҳокама қилиши мумкин.

Махсус вакилларнинг аввалги уч томонлама маслаҳатлашуви ўтган ой Токиода бўлиб ўтган. Улар Пхеньяннинг мулоқотга қайтишининг турли вариантларини, шу жумладан уни гуманитар ёрдам билан таъминлаш имкониятларини муҳокама қилган. 

Маълумот ўрнида, Жанубий Корея Президенти Мун Чжэ Ин ва КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг 2018 йил апрелда бўлиб ўтган биринчи учрашуви нафақат Шимолий ва Жанубий Корея, балки Пхеньян ҳамда Вашингтон ўртасида ҳам юқори даражадаги алоқаларга олиб келган. Бироқ, 2019 йил февраль ойида Ханойда бўлиб ўтган саммитдан сўнг, тинчлик жараёни тўхтаб қолган, Ким Чен Ин ва ўша пайтдаги АҚШ Президенти Дональд Трамп Корея яриморолини ядросизлантиришнинг асосий масалалари бўйича келиша олмаган. Сўнг КХДР ташаббуси билан кореялараро алмашинув ва мулоқот ҳам тўхтатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Япония КХДР

Баҳолаганлар

58

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг