АҚШ ядровий фожиани тўхтатиш учун Россия билан музокарага тайёрми? Блинкен жавоб берди
Олам
−
07 Октябрь 2022
10253АҚШ Россия хоҳласа Украина бўйича дипломатияга тайёр, аммо ҳозирча Вашингтон Москвада бундай кайфиятни кўрмаяпти. Бу ҳақда кеча, 6 октябрь куни Лимадаги матбуот анжуманида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди.
Журналистлардан бири Блинкенга “дунёда ядровий уруш хавфи ортган бир вазиятда Россия билан музокара бошлаш АҚШнинг масъулиятига кирмайдими”, деган савол билан мурожаат қилган.
“Ўйлайманки, сиз сўнгги ҳафталарда кўряпсизки Президент Путин Украинага нисбатан тажовузкорлигини икки ва уч баробар оширяпти. Гап шундаки, Президент Путин ва Россия ҳеч қандай мазмунли дипломатияга мутлақо қизиқиш билдирмаяпти. Ва улар буни қилмагунча, уни (дипломатияни – таҳр.) ўтказиш жуда қийин. Биз ҳар доим айтганмиз, [Украина] Президенти Владимир Зеленский бу охир оқибат дипломатия йўли билан ҳал қилинишини айтиб келяпти. Агар Россия бундай дипломатия билан шуғулланиш учун жиддий ниятлари борлигини кўрсатса, биз тайёр бўламиз. Бироқ, ҳозирда, афсуски, ҳаммаси бунинг аксини кўрсатмоқда”, деб таъкидлади Блинкен саволга жавобан.
Қайд этиш керакки, Зеленский 4 октябрь куни Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг Россия етакчиси Владимир Путин билан музокара олиб бориш мумкин эмаслиги ҳақидаги қарорини кучга киритди. Тегишли фармон Украина президенти девонининг сайтида эълон қилинди. Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков ушбу қарорни шарҳлар экан, музокаралар учун икки томон зарур, шунинг учун Россия Украинанинг амалдаги ёки кейинги президентининг Москва билан мулоқот бўйича позицияси ўзгаришини кутишини айтди.
Аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден дунёдаги вазият шу тахлит давом этса, Кариб денгизи инқирозидан кейин дунё биринчи марта ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидига дуч келишини айтиб ўтди. У Россия Президенти Владимир Путинни яхши билишини, у тактик ядро қуроллари, биологик ёки кимёвий қуроллардан потенциал фойдаланиш ҳақида гапирганда ҳазиллашмаслигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Путин халқига мурожаати давомида, у Россия хавфсизлигига таҳдид қилувчиларга ядровий қурол билан жавоб беришдан ҳам тап тортмаслигини айтган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь